Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Россиянинг Томск вилоятида жойлашган 3-сонли ахлоқ тузатиш колониясига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Маълум қилинишича, бугунги кунда мазкур муассасада Россия Жиноят кодексининг турли моддалари билан ҳукм қилинган 70 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси жазо муддатини ўтамоқда. Суҳбат давомида ватандошларнинг мурожаатлари, илтимос ва таклифлари тингланди. Ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқбузарлик хусусиятига оид маълумотлар батафсил қайд этилиб, уларни қизиқтирган саволларга атрофлича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Хусусан, фуқароларга хорижий давлатлар ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этганлик учун Ўзбекистон қонунчилигида жиноий жавобгарлик белгилангани эслатиб ўтилди. Шунингдек, муассасада уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари камситилган тақдирда, бу ҳақда зудлик билан Бош консулхонага хабар бериш зарурлиги таъкидланди. Ҳозирги вақтда Россияда ҳукм қилинган шахсларни Ўзбекистонга ўтказиш (экстрадиция қилиш) механизми мавжуд эмаслиги ҳам билдириб ўтилди.
Ташриф давомида бир қатор амалий масалалар ҳам ҳал этилган. Жумладан, астма касаллигидан азият чекаётган бир нафар ўзбекистонликка зудлик билан зарур тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланди. Амал қилиш муддати тугаган ҳужжатларини янгилаш истагини билдирган икки нафар фуқародан янги паспорт расмийлаштириш бўйича аризалар қабул қилинди.
Бундан ташқари, шу йилнинг май ойида мазкур колониядан озодликка чиққандан сўнг яқинлари билан алоқаси узилиб, бедарак кетган ўзбекистонлик фуқаронинг ҳозирги турган жойи аниқланиб, унинг оила аъзоларига маълум қилинди.
Май ойида Россиянинг Сахалин вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳолидан хабар олинганди. Маҳкумлар жазонинг қолган қисмини Ўзбекистонда ўташ истагини билдириб, амалий ёрдам сўраганди. Бош консулхона ходимлари Россия ва Ўзбекистон ўртасида маҳкумларни жазони ўташ учун ўзаро топшириш бўйича икки томонлама шартнома мавжуд эмаслиги сабабли, ҳозирча бундай имконият йўқлигини маълум қилганди.
Россиядаги колонияда 50 дан ортиқ ўзбекистонлик ҳолидан хабар олинди
Томск вилоятидаги 3-сонли ахлоқ тузатиш колониясида бўлган Бош консулхона дипломатлари ватандошларнинг мурожаатлари, илтимос ва таклифларини тинглади. Колониядан озодликка чиққач, бедарак кетган ўзбекистонлик топилди.
1 дақиқа ўқиш9 747 кўришлар0 изоҳ2








