Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ-2026) доирасида пойтахтнинг янги халқаро аэропортини қуриш ва ундан фойдаланиш бўйича давлат-хусусий шериклик битими имзоланди.
Битим Uzbekistan Airports АЖ ҳамда Vision Invest (Саудия Арабистони) бошчилигидаги халқаро консорсиум ўртасида тузилди. Консорсиум таркибига Япониянинг Sojitz Corporation ва Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компаниялари ҳам киради.
Маълум қилинишича, лойиҳа бўйича сўнгги йилларда кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилган. Хусусан, халқаро молия институтлари талаблари асосида экологик ва ижтимоий баҳолашлар ўтказилган, ДХШ битими ишлаб чиқилган, муҳандислик коммуникацияларини кўчириш бўйича лойиҳа ҳужжатлари тайёрланган ҳамда аэропорт ҳудудини қурилишга тайёрлаш ишлари бошланган.
Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Жавлонбек Умарходжаевнинг таъкидлашича, янги аэропорт лойиҳаси Президент ташаббуси билан Ҳукумат, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги кўмагида ишлаб чиқилган.
Унинг сўзларига кўра, янги аэропорт ўнлаб йиллар давомида йўловчи ва юк ташишга бўлган ортиб бораётган талабни қондира оладиган замонавий авиация марказига айланади. Шунингдек, лойиҳа орқали Ўзбекистон аэропортларни лойиҳалаш, қуриш ва бошқариш бўйича илғор халқаро тажрибаларни ўзлаштиради.
Президентнинг 2025 йил 25 ноябрдаги қарорига мувофиқ, янги аэропорт Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳудудида, 1310 гектар майдонда барпо этилади.
Лойиҳанинг биринчи босқичида узунлиги 4 километрдан бўлган иккита учиш-қўниш йўлаги, 208 минг квадрат метрли йўловчи терминали, 98 та самолёт тураргоҳи, ёқилғи қуйиш мажмуаси ҳамда замонавий ҳаво ҳаракатини бошқариш минораси қурилади.
Режаларга кўра, аэропорт 2030 йил охирида фойдаланишга топширилади. У йилига 20 миллион нафар йўловчи ва 300 минг тоннагача юкга хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.
Имзоланган битимга асосан, хусусий шериклар консорсиуми йўловчи терминали ва терминал атрофи инфратузилмасини қуриш ҳамда бошқариш билан шуғулланади. Давлат томони эса аэродром мажмуасини қуриш ва ундан фойдаланишни ўз зиммасига олади.
Тасдиқланган жадвалга кўра, 2026 йил июнь ойидан муҳандислик тармоқларини кўчириш ва ҳудудни тайёрлаш ишлари бошланади. Кейинги босқичларда аэропортнинг асосий объектларини қуриш ишлари амалга оширилади.
Мутахассислар фикрича, янги халқаро аэропорт Ўзбекистоннинг транспорт-логистика тизимидаги энг йирик инфратузилма лойиҳаларидан бирига айланиб, халқаро авиақатновлар, савдо ва туризм ривожига қўшимча туртки беради. Шунингдек, у мамлакатнинг Марказий Осиёдаги йирик транспорт хаби сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаши кутилмоқда.








