Янги Бухоро халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида қуриш ва бошқарувга бериш бўйича тендернинг дастлабки малака босқичи якунланди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports компанияси хабар берди.
Маълум қилинишича, хусусий шерикни танлаш жараёни доирасидаги дастлабки малака босқичи (RFQ) 2026 йил 11 мартдан 21 майгача давом этган. Аризаларни кўриб чиқиш якунларига кўра, Идоралараро тендер комиссияси томонидан кейинги босқичга ўтган талабгорлар рўйхати тасдиқланган.
Қайд этилишича, лойиҳа Буюк Британия, Ирландия, Дания, Испания, Италия, Швейцария, Бельгия, Польша, Альбания, Туркия, Озарбайжон, Россия, Украина, Қозоғистон, Канада, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Kувайт, Баҳрайн, БАА ва Қатар каби давлатларнинг компаниялари ҳамда маҳаллий корхоналарда катта қизиқиш уйғотган. Дастлабки босқичда жами 51 та компания ва ташкилот лойиҳа бўйича қизиқиш билдирган.
Техник, ҳуқуқий ва молиявий мезонлар асосида ўтказилган уч босқичли баҳолаш натижасида 6 та халқаро компаниядан иборат қисқа рўйхат шакллантирилган. Улар тендернинг иккинчи босқичи — таклифлар сўровида (RFP) иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Uzbekistan Airports маълумотига кўра, лойиҳа Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. У президентнинг 2024 йил 30 августдаги давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга оид қарори асосида ишлаб чиқилган бўлиб, транспорт инфратузилмасига хусусий инвестицияларни жалб этишга қаратилган.








