Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида Lacetti ва BYD автомобиллари иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида уч киши вафот этди. Бу ҳақда “Миллар” кўрсатувида хабар берилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 16 июнь куни соат 03:10 атрофида Тошкент ҳалқа автомобил йўлининг Учтепа туманидаги чорраҳасида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2002 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги Lacetti чорраҳада кескин чапга бурилган. Шу вақтда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган BYD автомобили билан тўқнашув юз берган.
Аниқланишича, BYD автомобилини 2010 йилда туғилган, ҳали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган вояга етмаган шахс бошқарган.
Ҳодиса оқибатида Lacetti ҳайдовчиси ҳамда 1999 ва 2004 йилларда туғилган икки йўловчи оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.
Воқеа жойидан олинган тасвирларда тўқнашув кучли бўлгани, йўл бўйлаб автомобил қисмлари сочилиб кетгани кўринади. Воқеа гувоҳларининг айтишича, зарба оқибатида йўл четидаги бекат конструкциясига ҳам шикаст етган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ҳодисанинг барча тафсилотларини аниқлаш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
3 июнь куни Навоий вилояти Нурота туманида Tico ва Sinotruk русумли юк машинаси иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши ҳалок бўлганди.








