Daryo

Ўзбекистон Албаниянинг Дуррес портидан фойдаланиши мумкин

Маҳаллий маҳсулотларни Жанубий Европа ва Ўрта Ер денгизи бозорларига чиқаришда логистика хаби сифатида ушбу йирик портдан фойдаланиш имкониятлари ўрганилади. Икки давлат муносабатлари тарихидаги илк саммитда ҳамкорлик бўйича бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

2 дақиқа ўқиш6 298 кўришлар0 изоҳ3

Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ва Албания президенти Байрам Бегай расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, унда икки давлат ўртасида амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди. Учрашув аввалида давлат раҳбари Ўзбекистон ва Албания муносабатлари тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу саммит алоҳида аҳамиятга эга эканини, унинг икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишини қайд этди.

Сиёсий мулоқот ва турли даражадаги алоқалар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Товар айирбошлашни кенгайтиришга, агросаноат мажмуи, “яшил” энергетика, геология, ахборот технологиялари ва рақамлаштириш, туризм ҳамда бошқа муҳим соҳаларда кенг кўламли кооперация дастурини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон маҳсулотларини Жанубий Европа ва Ўрта Ер денгизи бозорларига чиқаришда логистика хаби сифатида Албаниянинг Дуррес портидан фойдаланиш имкониятлари ўрганилади.

Иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини кенгайтириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Ҳамкорликнинг иқтисодий кун тартибини илгари суриш мақсадида ҳукуматлараро комиссияни ташкил этиш ва унинг биринчи йиғилишини жорий йилда Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Маданий-гуманитар соҳада томонлар ўзаро Маданият кунлари, кино намойишлари, кўргазма ва ижодий сафарларни ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади. Етакчилар минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.

Олий даражадаги музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Байрам Бегай Фахрий меҳмонлар хиёбонида биргаликда дарахт экди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Албания президентининг Ўзбекистонга илк расмий ташрифи

Байрам Бегай Ўзбекистонга рафиқаси ҳамроҳлигида келганди. Уларни Тошкент халқаро аэропортида Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов ва бошқа расмийлар кутиб олди. Меҳмонлар “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди. Шундан сўнг Кўксарой қароргоҳида Албания президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Ташриф давомида Байрам Бегай V Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам иштирок этади.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар