Хитойнинг Agibot компанияси жанговар саҳналарда реал инсонлар билан профессионал даражада беллаша оладиган Expedition А3 номли одамсимон роботини тақдим этди. Бу ҳақда “Zakon.kz” нашри хабар берди.
Interesting Engineering нашрининг ёзишича, мазкур гуманоид кунг-фу санъатини ҳайратланарли даражада мукаммал эгаллаган. У қуйидаги мураккаб ҳаракатларни эркин бажара олади:
• баланд сакраб, қўл ва оёқларда шиддатли зарбалар бериш;
• ўз ўқи атрофида айланиб, кутилмаган зарбалар йўллаш;
• мураккаб акробатик элементларни юқори аниқликда намойиш этиш.
Мутахассисларнинг фикрича, робот иштирокидаги жанговар видеолар унинг мувозанатни сақлаш, ҳаракатларни аниқ мувофиқлаштириш ва юқори динамикага эга эканлигини исботлайди.
Роботнинг механик қўллари (манипуляторлари) уч килограммгача бўлган юкни бемалол кўтара олади. Қурилманинг айланиш ва ҳаракатланиш тезлиги бир сонияда икки метргача етиши мумкин.
Гуманоидга ўрнатилган сунъий интеллект модели у билан мулоқот қилишни анча осонлаштиради. Энди роботни фаоллаштириш учун махсус калит сўзларни айтиш шарт бўлмайди, у билан худди инсон билан гаплашгандек табиий мулоқотга киришиб кетиш мумкин.
Шунингдек, қурилманинг елкасига енгил тегиниш орқали ҳам уни ишчи ҳолатга келтириш имконияти мавжуд. Ушбу технологик мўъжизани серияли ишлаб чиқариш жорий йилга мўлжалланган.








