Daryo

Хитойда гуманоид роботлар ярим марафонда инсон рекордини янгилади

Honor компанияси томонидан ишлаб чиқарилган робот 21 км масофани 50 дақиқа 26 сония натижада босиб ўтиб, март ойида угандалик атлет Жейкоб Киплимо ўрнатган жаҳон рекордини етти дақиқага яхшилаган.

3 дақиқа ўқиш3 823 кўришлар0 изоҳ4

Хитойнинг Honor компанияси томонидан ишлаб чиқарилган робот Пекинда ўтказилган ярим марафонда (21 километр) 50 дақиқа 26 сония натижа қайд этди. Гарчи маррага оз қолганда ғолиб-андроид тўсиққа урилиб, ўрнидан туриши учун ёрдамга муҳтож бўлган бўлса-да, у март ойида угандалик атлет Жейкоб Киплимо ўрнатган жаҳон рекордини етти дақиқага яхшилаган.

19 апрель, якшанба куни бўлиб ўтган иккинчи Хитой робототехника ярим марафонида юздан ортиқ гуманоид робот қатнашган. Тўқнашувларнинг олдини олиш учун улар билан бирга алоҳида йўлакларда одамлар ҳам югурган.

Ташкилотчилар томонидан ушбу натижа ўтган йилги мусобақага нисбатан сезиларли ютуқ сифатида баҳоланмоқда. Ўшанда ғолиб робот маррага 2 соат 40 дақиқа-ю 42 сонияда етиб келганди. Маълумотларга кўра, аввалги мусобақада барча роботлар масофадан бошқарилган бўлса, бу сафар иштирокчиларнинг қарийб 40 фоизи масофани тўлиқ мустақил босиб ўтган.

Фото: Reuters

Хитойнинг Global Times нашрига кўра, марра чизиғини биринчи бўлиб Honor компаниясининг бошқа бир масофадан бошқариладиган роботи 48 дақиқа 19 сонияда кесиб ўтган. Бироқ мусобақа қоидаларига мувофиқ, ғолиблик автоном навигациядан фойдаланган роботга берилган.

Хитойнинг CCTV давлат телеканали маълум қилишича, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган, шунингдек, Honor томонидан тақдим этилган ва автоном навигациядан фойдаланган роботлар пойгани мос равишда тахминан 51 ва 53 дақиқада якунлаган.
Пекинда асфалтланган қияликлар ва парк ҳудудлари бўйлаб ташкил этилган 21 километрлик пойгада юздан ортиқ жамоа қатнашди. Бу ўтган йилга нисбатан деярли беш баравар ўсиш кузатилганини кўрсатади.
Яна бир робот йўл ҳаракатини тартибга солувчи вазифасини бажариб, иштирокчиларни имо-ишоралар ва овоз ёрдамида йўналтириб турган.

Фото: Reuters

Спортчилар қиёфасида

Honor компаниясининг синовларни ишлаб чиқиш бўйича муҳандиси Ду Сяоди ўз жамоаси эришилган натижалардан мамнун эканини билдирган.
Унинг сўзларига кўра, конструкторлар роботни яратишда энг яхши спортчиларнинг жисмоний тузилишидан илҳом олган. Хусусан, роботнинг оёқлари узун, тахминан 95 сантиметр бўлиб, у компания томонидан ишлаб чиқилган кучли суюқлик совитиш тизими билан жиҳозланган.

“Келажакда ушбу технологияларнинг баъзилари бошқа соҳаларда ҳам қўлланиши мумкин. Масалан, конструкция мустаҳкамлигини таъминлаш ва суюқлик билан совитиш технологияларидан келажакдаги саноат лойиҳаларида фойдаланиш мумкин”, деди Ду.

Ўтган йилги мусобақада ғолибликни давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган Пекин гуманоид робототехника инновацион маркази томонидан UBTech билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Tiangong Ultra модели қўлга киритган эди. У маррага 2 соат 40 дақиқада етиб келганди.
Ўшанда у ўзининг гуманоид рақибларидан анча ўзиб кетган, бироқ одам-марафончига қараганда икки баравар кўпроқ вақт сарфлаган эди.

Гумоноид роботларни етказиб бериш бўйича етакчи

Counterpoint Research тадқиқот компанияси маълумотларига кўра, гуманоид роботларни бутун дунёга етказиб беришда Хитой етакчилик қилмоқда: 2025 йилда дунё бўйлаб фаолият юритган 16 000 дона роботнинг 80 фоиздан ортиғи айнан унинг ҳиссасига тўғри келади.

Ҳисоботда қайд этилишича, Американинг етакчи етказиб берувчиси бўлган Tesla компанияси улушига жаҳондаги гуманоид роботлар ўрнатмаларининг атиги 5 фоизи тўғри келади.

Хитой ички бозорининг етакчилари AgiBot ва Unitree ўтган йили ҳар бири 5 000 донадан ортиқ робот етказиб берди — бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичдир. Unitree ишлаб чиқариш қувватини йилига 75 000 та гуманоид роботгача кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Фото: Reuters

“Роботларнинг ақлий салоҳияти жуда паст”

Мутахассисларнинг таъкидлашича, гарчи югураётган робот кўзга чиройли кўринса-да, марафонда намойиш этилган кўникмалар гуманоид роботларнинг саноатда кенг жорий этилишига ёрдам бермайди. Чунки бу соҳада қўл эпчиллиги, атроф-муҳитни идрок этиш ва майда, такрорланувчи вазифалардан ташқарига чиқа оладиган қобилиятлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ҳозирги вақтда Unitree’нинг гуманоид моделлари асосан илмий-тадқиқот муассасалари томонидан, рақс томошалари учун ва хизмат кўрсатиш соҳасида интерактив йўлбошловчи сифатида қўлланмоқда.
Гарчи баъзи роботлар ярим марафонда югура олса-да, ҳатто Хитойнинг ўзида ҳам уларнинг турмушда ёки саноатда кенг қўлланишига камида яна бир неча йил бор.

“Моделларимизнинг оммалашмаётгани сабаби роботларнинг IQ даражаси жуда пастлигидадир. Моделлар сифатсиз, муваффақият кўрсаткичлари ҳам паст. Очиғини айтганда, бутун соҳанинг даражаси бошланғич босқичда… Ҳозир биз кўраётганларимизнинг аксарияти иш деб ниқобланган рақсдан бошқа нарса эмас”, деди Юанли Лингжи стартапи асосчиси Тан Венбин.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Хитой робототехника компаниялари ҳозирча гуманоидларга одамлар каби самарали ишлаш имконини берадиган сунъий интеллект дастурий таъминотини ишлаб чиқишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Andijondanman. Oʻzbekiston Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti hamda Xalqaro Nordik universitetini (magistr) tamomlaganman. “Daryo”da 2019-yildan beri muxbir boʻlib ishlayman va maxsus materiallar, tenderlar, sud hukmlari, tarjimalar bilan shugʻullanaman. 2025-yilda “Oltin qalam” milliy mukofotini olganman. Tarixiy film va seriallarni koʻrishni xush koʻraman. Eng sevimli asarim Togʻay Murodning “Otamdan qolgan dalalar” kitobidir.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар