Ўзбекистон ва Швеция ҳукуматлари ўртасида “Миграция ва мобиллик тўғрисида”ги битим ҳамда миграция ва мобиллик бўйича пилот дастурни амалга ошириш юзасидан қўшма декларация имзоланди.
Миграция агентлигининг хабар қилишича, мазкур ҳужжатлар ўзбекистонликлар учун Швецияда қонуний ишлаш, ўқиш ва яшаш имкониятларини тартибга солувчи давлат томонидан кафолатланган ҳуқуқий механизм ҳисобланади.
Унга кўра:
- тиббиёт, техника, хизмат кўрсатиш ва парваришлаш соҳаларида малакали мутахассисларни Швеция меҳнат бозорига тайёрлаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади;
- ўзбекистонлик номзодларини швед иш берувчилари билан боғлаш механизмлари яратилади;
- талабалар, докторантлар ва ёш тадқиқотчилар учун академик алмашинув имкониятлари кенгаяди;
- миграция иштирокчилари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча кафолатлар жорий этилади.
- виза тартибларини соддалаштириш ва дипломатик паспорт эгалари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этилади;
- ноқонуний миграция, одам савдоси ва ҳужжатларни қалбакилаштиришга қарши қўшма механизмлар кучайтирилади.
Шунингдек, Халқаро миграция ташкилоти иштирокида пилот дастур амалга оширилиб, Швеция меҳнат бозори эҳтиёжлари ўрганилади, швед тили ва касбий тайёргарлик дастурлари йўлга қўйилади.
Бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари ташкилий миграция асосида 30 дан ортиқ давлатда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Шавкат Мирзиёев январь ойида ТИВ ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказганида Швеция, Дания ва Норвегия билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали фуқароларни юқори даромадли иш ўринларига йўналтиришни топширганди.








