Daryo

Беларусда ўзбекистонликларга оиласи билан яшаб ишлаш имконияти берилади

Ушбу давлатда 10 хил йўналишда иш ўринлари мавжуд бўлиб, иш ҳақи 700 доллардан бошланади. Юқори малакага эга мутахассислар учун янада юқори даромад таклиф этилади.

2 дақиқа ўқиш15 155 кўришлар1 изоҳ16

Ўзбекистонликлар учун Беларусда оиласи билан яшаш ва ишлашга вакансиялар таклиф этилди.

Миграция агентлиги хабарига кўра, ушбу давлат йирик корхона ва ташкилотлари томонидан Ўзбекистон фуқаролари учун қуйидаги йўналишларда юзлаб бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда:

  • қурилиш;
  • қишлоқ хўжалиги;
  • трактор ҳайдовчиси;
  • юк автомобили ҳайдовчиси;
  • ўрмон хўжалиги;
  • чорвачилик;
  • экскаватор бошқарувчиси;
  • ветеринария;
  • пайвандлаш;
  • металлни қайта ишлаш.
Иш ҳақи касбий малака ва тажрибага қараб 700 АҚШ долларидан бошланади ҳамда юқори малакага эга мутахассислар учун янада юқори даромад таклиф этилади.

Номзодлар 18–50 ёшда бўлиши, ҳайдовчилик ва махсус техникалар бўйича вакансиялар учун тегишли гувоҳнома ёки малака ҳужжатига эга бўлиши лозим. Россия Федерациясига кириш тақиқи бор фуқаролар мазкур дастурда иштирок эта олмайди. Иш берувчи томонидан Беларусга авиачипта ёки йўл харажатлари, ҳужжатларни расмийлаштириш харажатлари қопланади. Бепул ётоқ жой берилади.

“Беларусга мустақил равишда борган фуқаролар муносиб иш топишда қийинчиликка дуч келиши мумкин. Шу сабабли ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлашиш сизга ишончли иш берувчи, расмий меҳнат шартномаси ҳамда давлат назоратидаги хавфсиз меҳнат фаолиятини кафолатлайди”, дейилади хабарда.

Ишлаш истагида бўлганлар қуйидаги ҳавола орқали ариза қолдиришлари лозим. 1282 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш орқали батафсил маълумот олиш мумкин. 

Шавкат Мирзиёевнинг 8−9 июль кунлари Минскка давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида ташкилий асосда жалб этиш тўғрисидаги битим имзоланганди. Учрашув давомида Беларусь президенти Александр Лукашенко ўзбекистонликларни Беларусга кўчиб келишга таклиф қилди.

13 июль куни Андижондан бўлган меҳнат мигрантларининг биринчи гуруҳи Беларусга борди, бироқ улар маош камлигидан норози бўлди. Миграция агентлиги вазият ўрганилаётганини ва меҳнат шартномаси шартлари бажарилмаган тақдирда ишчилар бошқа иш жойларига ўтказилишини “Дарё”га маълум қилганди. 

Лукашенко 21 июль куни селектор йиғилишида Ўзбекистондан ишчиларни жалб қилиш мавзусига тўхталиб, Беларусда кўп пул топмоқчи бўлган ўзбекларга Россияда ишлашни тавсия қилди. “Улар гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва ватанга етказиб бериш учун Беларусга келади. Маҳсулдорлик қанча юқори бўлса, қанча кўп маҳсулот ишлаб чиқарилса, иш ҳақи шунча кўп бўлади”, деган эди президент.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар