Daryo

Оқ уй яқинида отишма юз берди

Ҳужум пайтида АҚШ президенти Дональд Трамп қароргоҳда бўлган, бироқ ҳодиса давлат раҳбари хавфсизлигига таъсир кўрсатмаган. Муқаддам руҳий хасталик билан даволанган шахс маъмурий бино ёнида ўт очган. Воқеа оқибатида бир йўловчи яраланган.

2 дақиқа ўқиш3 239 кўришлар0 изоҳ2

Шанба куни, 23 май куни кечқурун Оқ уй яқинида отишма содир этилди. Гумонланувчи Махфий хизмат агентлари билан отишмада жароҳат олиб, касалхонада вафот этди.

BBC’га кўра, шанба куни соат 18:00 атрофида эркак сумкасидан қурол олиб, Оқ уй яқинидаги 17-кўча ва Пенсилвания авенюси кесишмасидаги маъмурий бино ёнида ўт очган. Махфий хизмат ходимлари зудлик билан жавоб бериб уни жароҳатлаган. Гумонланувчи шифохонага олиб борилган ва ўша ерда вафот этган.

Отишмада тасодифий йўловчилардан бири яраланган, бироқ Махфий хизмат унинг аҳволи ҳақида қўшимча тафсилотларни очиқламади. Хизмат ходимлари орасида жабрланганлар йўқ. Ҳозирда ҳодиса юзасидан суриштирув давом этмоқда, Оқ уй атрофидаги йўллар бутунлай ёпиб қўйилган.

Журналистлар эвакуация қилинган

Ўқ овози эшитилиши билан Оқ уйдаги журналистлар зудлик билан брифинг залига олиб кирилган. АBC телеканалининг Оқ уйдаги катта мухбири Селина Ванг томонидан эълон қилинган видеода унинг ўқ овозлари остида хавфсиз жойга яширинаётгани акс этган.

CBS News мухбири Аарон Наварро эса ўқ овози яқин атрофдаги кафе ва ресторанлар жойлашган ҳудуддан, турли қуроллардан отилганини, шундан сўнг агентлар “ичкарига киринглар!” деб буйруқ берганини маълум қилди. Журналистлар брифинг залида қарийб 30 дақиқа қулфланган ҳолатда қолган.

Ким ҳужум қилди?

BBC’нинг АҚШдаги ҳамкори — CBS телеканали ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб, ҳужумчининг шахсини маълум қилди. У 21 ёшли Носир Бест бўлиб, унинг шахси Махфий хизмат ва пойтахт полициясига маълум бўлган. Носир Бест руҳий касалликлар билан даволанган.

Маълум бўлишичаб Бест 2025 йилнинг июль ойида ҳам Оқ уй ҳудудига киришга уриниб, Махфий хизмат томонидан ҳибсга олинган ва шундан сўнг психиатрия шифохонасига жойлаштирилган. У Вашингтонда 18 ойдан бери яшаб келаётган эди ва ҳужумда револвер тўппончасидан фойдаланган.

Фото: Getty Images

Дональд Трамп ва расмийларнинг муносабати

Отишма содир бўлган вақтда АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйдаги қароргоҳида бўлган. Шунга қарамай, Махфий хизмат ушбу ҳодиса давлат раҳбари хавфсизлигига ҳамда идора амалиётларига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаганини, барча хавфсизлик чоралари назорат остида эканини маълум қилди.

Дональд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Махфий хизмат ва ҳуқуқ-тартибот идораларига жиноятчини зарарсизлантиришда кўрсатган “тезкор ва профессионал ҳаракатлари” учун миннатдорчилик билдирди. Президент ушбу ҳужумчини кескин қоралаб, унинг ўтмиши зўравонликларга бой эканини ҳамда АҚШнинг энг қадрли бош қароргоҳига нисбатан руҳий хасталик даражасида муккасидан кетганини қайд этди. Шунингдек, у ушбу воқеа Оқ уй мухбирлари кечки овқатидаги отишмадан атиги бир ой ўтиб содир бўлганини эслатиб ўтди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар