АҚШнинг Род-Айленд штатидаги Браун университетида содир бўлган отишмада икки киши ҳалок бўлди, гумонланувчи қўлга олинмади. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Маʻлум қилинишича, қора кийимдаги номаʻлум шахс Провиденс шаҳридаги университетга имтиҳонлар пайтида ҳужум қилган. У икки кишини отиб ўлдирган, саккиз кишини яралаган. Отишмадан беш соатдан ортиқ вақт (маҳаллий вақт билан 22:00) ўтган бўлса-да, гумонланувчи ҳануз озодликда.
Провиденс мери Бретт Смайли ҳозирча қурбонлар ҳақидаги тафсилотларни, жумладан, улар талабалар бўлган-бўлмаганини ошкор қила олмаслигини айтди. У кампус яқинида яшовчи аҳолини уйда қолишга ва рухсат берилмагунча ташқарига чиқмасликка чақирди.
Шифохона вакили Келли Бреннан ўқдан яраланган саккиз киши Род-Айленд касалхонасига олиб борилганини айтди. Улардан олти нафарининг аҳволи оғир, бироқ барқарор аҳволда. Қолган икки кишининг бири ўғир, бири барқарор ҳолатда.
Университет маʻмурияти дастлаб талаба ва ходимларга гумондор қўлга олингани ҳақида хабар берган. Бироқ кейинроқ бу маълумот нотўғри эканини ва полиция ҳануз бир ёки бир нечта гумондорни қидираётганини айтган. Шаҳар мерига кўра, дастлаб отишмага алоқадорликда тахмин қилинган шахс қўлга олинган. Аммо кейинчалик унинг ҳеч қандай алоқаси йўқлиги аниқланган.
АҚШ президенти Дональд Трамп журналистларга отишма ҳақида хабардор қилинганини айтиб, “ҳозир биз қила оладиган ягона нарса — қурбонлар учун дуо қилиш”, деди. Аввалроқ у гумондор қўлга олинганини билдирган, бироқ кейин отишмани содир этган шахс ҳануз эркинликда эканини тасдиқлаган.
Отишма Муҳандислик ва физика факультети жойлашган етти қаватли Барус + Holley биносида содир бўлган. Университет сайтида маълум қилинишича, бинода 100 дан ортиқ лабораториялар, ўнлаб ўқув хоналари ва кабинетлар мавжуд. Браун Американинг энг нуфузли коллежларидан бири бўлиб, унда 7300 га яқин бакалавр ва 3000 дан ортиқ аспирант таҳсил олади.








