Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида 13 ёшли қиз Тўпаланг дарёсига оқиб кетиб, вафот этди. Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Вилоят прокуратураси маълумотига кўра, “Афросиёб” маҳалласида яшаган, 2012-йилда туғилган вояга етмаган қизнинг Тўпаланг дарёсига оқиб кетгани юзасидан суриштирув бошланган.
Текширув давомида 2026-йилнинг 15 май куни қизнинг жасади Денов тумани “Иттифоқ” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Тўпаланг дарёсидан тан жароҳатларисиз топилган.
Суд-тиббий экспертизаси хулосасида марҳуманинг ўлимига юқори нафас йўлларининг сув билан беркилиши ва механик асфиксия сабаб бўлгани кўрсатилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода воқеа содир бўлган ҳудудда қидирув ишлари олиб борилгани акс этган. Видеода қизнинг яқинлари ва қўшнилари ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Сариосиё тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
2026 йил март ойи охирида Тошкент вилояти Чиноз туманида Бўзсув каналига тушиб кетган 34 ёшли эркакнинг жасади 9 кундан сўнг топилганди. Дастлабки маълумотларга кўра, эркак дўстлари билан дам олиш учун канал бўйига келган ва бир муддат ҳордиқ чиқарган.








