Daryo

Ҳусийлар Саудиянинг 4 та шаҳрига ҳужум қилди (видео)

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Яман гуруҳининг зарбалари оқибатида нефть объектларида ёнғин чиқиб, 70 дан ортиқ киши жароҳатланди.

2 дақиқа ўқиш5 888 кўришлар0 изоҳ0

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Яман ҳусийлари 8 сентябрь куни АҚШ иттифоқчиси бўлган Саудия Арабистонининг жанубидаги тўртта шаҳарга ҳужум қилди. Оқибатда 70 дан ортиқ киши яраланди ва нефть объектларида ёнғин чиқди. Бу олти ойдан бери давом этаётган Яқин Шарқдаги урушнинг кескин кенгайганини англатмоқда, дея хабар берди Reuters.

Яман пойтахти ва кўплаб ҳудудларини назорат қилувчи ҳусийлар Саудия ҳудудининг ичкарисида кенг кўламли операция ўтказганини маълум қилди. Улар дронлар ва ракеталардан фойдаланган. Ҳужумлар Хамис Мушаит шаҳридаги ҳарбий-ҳаво базасига, Абҳа, Яман чегарасидаги Нажран ва Қизил денгиз бўйидаги Жазан шаҳарларидаги давлат нефть компанияси объектларига уюштирилди. Жазан йирик нефтьни қайта ишлаш заводи ва электр станциясига эга порт шаҳри ҳисобланади.

Саудия расмийлари объектларда ёнғинлар бўлганини тасдиқлади ва яраланган 73 киши орасида аёллар ҳамда болалар борлигини билдирди. Бундай кўп сонли ярадорлар ҳақидаги хабарлар АҚШ ва Исроил февраль ойида Эронга қарши уруш бошлаганидан бери Саудияга қилинган энг йирик ҳужумлардан бири бўлганини кўрсатмоқда.

Ҳусийлар қуюқ тутун ва портлашлар акс этган суратларни эълон қилди. Уларнинг таъкидлашича, булар 7 сентябрь куни шарқроқдаги бошқа чегара ҳудудида зарба берилган Саудия юк машиналаридир.

8 сентябрга ўтар кечаси ҳусийлар назоратидаги ОАВ Саудия самолётлари Яман пойтахти Санадан шарқда жойлашган Жубаҳ туманига тўртта ҳаво зарбаси берганини хабар қилди.

Август ойидаги бир ойлик тинчликдан сўнг Форс кўрфазида жанглар қайта бошланди. Эрон ва АҚШ бир-бирига қарата ўт очди. Бу эса жаҳонда нефть нархини июль ойидан бери қайд этилмаган даражага кўтарди. Brent маркали нефть нархи 8 сентябрь куни 2 фоиздан кўпроққа ошиб, бир баррели учун 99 доллардан ўтди.

Ҳусийларнинг Саудия жануби-ғарбига ҳужуми Яқин Шарқнинг энергия таъминотини издан чиқариши мумкин. Бу ҳолат қамал қилинган Ҳормуз бўғозидан ташқарида ҳам урушнинг глобал иқтисодий таъсирини кескинлаштириши эҳтимоли бор.

Саудия Арабистони ўн йилдан ортиқ вақтдан бери Яманда ҳусийларга қарши курашаётган араб коалициясига бошчилик қилмоқда. Бу уруш сўнгги йилларда тинчиган эди. Бироқ сулҳ бузилди ва ҳозирда ҳусийлар Қизил денгиз кириш қисмидаги кемаларга таҳдид солмоқда.

Халқаро миграция ташкилотининг билдиришича, охирги уч кун ичида Яман ғарбий соҳили бўйлаб кетаётган уруш сабабли 18 500 дан ортиқ киши ўз уйини ташлаб қочган.

“Коалиция бу террорчи гуруҳни тийиб қўйиш учун барча зарур оператив чораларни кўради ва унинг душманона ҳаракатларига қарши қатъий жавоб беради”, дейилади Саудия бошчилигидаги коалиция матбуот котиби полковник Туркий ал-Малкийнинг X платформасидаги баёнотида.

Ҳусийлар матбуот котиби Яҳё Сарий эса Ар Риёдни Яманга ҳаво зарбалари бериш орқали урушни кескинлаштирганликда айблади ва ҳусийлар бунинг жавобини беришини айтди. Аввалроқ Саудия АҚШдан ҳусийларга қарши урушга бошчилик қилишни сўрагани, аммо Вашингтон буни рад этгани ҳақида хабар берилганди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар