Daryo

Ўзбекистонда ҳантавирус тарқалиши эҳтимоли борми? ССВ изоҳ берди

Мамлакатда ҳантавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмагани маълум қилинди. Мутахассисларга кўра, у коронавирус каби тез тарқалмайди ва глобал пандемияга сабаб бўлмайди.

2 дақиқа ўқиш7 869 кўришлар0 изоҳ2

Айрим давлатларда ҳантавирус инфекцияси тарқалаётгани ҳақида хабарлар фонида ССВ ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Ўзбекистондаги эпидемиологик вазият юзасидан маълумот берди.

Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, ҳозирча мамлакатда ҳантавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган. Унга кўра, вирусологик мониторинг ишлари мунтазам олиб борилмоқда ва эпидемиологик вазият барқарор ҳисобланади.

ЖССТ маълумотларига кўра, ҳантавирус коронавирус каби тез тарқалиш хусусиятига эга эмас ва глобал пандемияга сабаб бўлмайди. Мутахассислар вируснинг 20 дан ортиқ тури мавжудлигини, бироқ уларнинг фақат айримлари одамларда касаллик келтириб чиқаришини таъкидламоқда. Касаллик кўпроқ Лотин Америкаси давлатларида, жумладан Аргентина, Чили ва Бразилияда учрайди.

Ҳантавирус асосан кемирувчилар орасида тарқалади ва одамларга кам ҳолларда юқади. Инфекция кўпинча кемирувчиларнинг сийдиги, ахлати ёки сўлаги билан ифлосланган чанг, буюм ва озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқиши мумкин.

Касаллик тана ҳароратининг кўтарилиши, бош оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, мушак ҳамда қорин соҳасидаги оғриқлар билан кечиши мумкин. Оғир ҳолатларда эса буйрак етишмовчилиги, юрак-қон томир ва нафас олиш тизими билан боғлиқ асоратлар кузатилади.

ССВга кўра, ҳозирча ҳантавирусга қарши махсус вакцина ва алоҳида даволаш протоколи мавжуд эмас. Даволаш беморда кузатилаётган симптомларга қараб олиб борилади.

Мутахассислар фуқароларга шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, яшаш ва иш жойларини озода сақлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз сақлаш, мева-сабзавотларни яхшилаб ювиш ҳамда омбор ва ёпиқ хоналарни мунтазам шамоллатиб туришни тавсия қилди.

Шунингдек, эндемик ҳудудларга бориб келган фуқаролардан бу ҳақда оилавий поликлиникага хабар бериш сўралди. Вазирлик маълум қилишича, ҳозирда мамлакатдаги 53 та чегара пунктида юқумли касалликларнинг кириб келишини олдини олиш бўйича доимий назорат йўлга қўйилган.

12 май кунги брифингда ЖССТ раҳбари Тедрос Адҳаном Гебреесус MV Hondius круиз кемасида вирус тарқалганидан сўнг барча мамлакатларни эҳтиёткорликка чақирди. У кемани қабул қилгани ҳамда йўловчилар ва экипажни эвакуация қилгани учун Испанияга миннатдорлик билдирган.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар