Чеченистонлик UFC жангчиси Ҳамзат Чимаев ўрта вазн тоифасининг янги чемпиони, америкалик Шон Стрикленд билан реванш жангини ўтказишга тайёр эканлигини билдирди.
Мазкур вазн тоифасидаги титул жанги АҚШнинг Ньюарк шаҳрида бўлиб ўтган UFC 328 турнирининг асосий воқеасига айланди. Муросасиз кечган баҳс якунида ҳакамларнинг бўлинган қарори билан Стрикленд ғалаба қозониб, чемпионлик камарини қўлга киритди.
Жангдан сўнг Чимаев ўзининг X (Twitter) саҳифасида рақибини қайта жангга чорлаб, қуйидагича пост қолдирди:
“Қачон тайёр бўлсанг, хабар бер, Шон Стрикленд”.
Маълумот ўрнида, ушбу муваффақиятсизлик Чимаев учун профессионал фаолиятидаги илк мағлубият бўлди. 2018-йилдан буён октагонда жанг қилиб келаётган Ҳамзат UFC’даги дебютини 2020-йилда ўтказган. Ҳозиргача унинг ҳисобида 15 та ғалаба (шундан 12 таси муддатидан олдин) ва 1 та мағлубият мавжуд.








