Парижда бўлиб ўтган UFC Fight Night турнирида иштирок этган ўзбекистонлик MMA жангчиси Нурсултон Рўзибоевнинг гонорари маълум бўлди. Ушбу оқшомда британиялик Майкл Пейжга қарши октагонга кўтарилган спортчи ҳакамларнинг якдил қарори билан мағлубиятга учраган эди.
Рўзибоев жангдаги иштироки учун 57 минг доллар кафолатланган гонорарга эга бўлди. Бунга қўшимча равишда, унга UFC’нинг махсус рағбатлантириш дастури доирасида яна 6 минг доллар ҳомийлик пули тўлаб берилди. Шу тариқа, ўзбекистонлик спортчининг Париж турниридаги умумий даромади 63 минг долларни ташкил этди.
Мусобақанинг энг кўп даромад қилган жангчиси айнан Рўзибоевнинг рақиби — Майкл Пейж бўлди. У иштирок учун кафолатланган 147 минг ва ғалабаси учун яна шунча мукофот олиб, умумий ҳисобда 294 минг доллар ишлаб топди.
Турнирда энг катта даромад ва махсус бонусларни қўлга киритган жангчилар рўйхати қуйидагича шаклланди:
- Майкл Пейж — 294 минг доллар;
- Лосене Кейта — 242 минг доллар (шундан 100 минг доллари махсус бонус);
- Аксел Сола — 168 минг доллар (шундан 100 минг доллари махсус бонус);
- Дан Ҳукер — 158 минг доллар (мағлуб бўлганига қарамай, катта гонорар олди).
Бундан ташқари, ёрқин иштироки ва муддатидан аввалги ғалабаси учун Салаҳдин Парнас ҳамда Марио Пинто ҳам 100 минг долларлик мукофотга муносиб кўрилди. Яна бир ғолиб Куртис Кемпбелл эса жангни эрта якунлагани эвазига 25 минг долларлик қўшимча рағбатлантириш пулига эга чиқди.








