Сурхондарё вилояти Бойсун туманида 2 май куни кучли сел оқибатида яна нефть аралаш суюқлик сизиб чиқди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса соат 06:30 атрофида содир бўлган. Дастлабки ўрганишларга кўра, кучли сел келиши оқибатида ҳандақ бузилиб кетган ва натижада нефть аралаш суюқлик ташқарига оқиб чиққан.
Айни пайтда ҳолат Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси, Экополиция ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилмоқда.
Мутасаддилар воқеа жойида вазиятни назоратга олиб, сизиб чиққан суюқликнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳоламоқда. Ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда. Якуний хулосаларга кўра қўшимча маълумот берилади.
Эслатиб ўтамиз, Бойсун туманида 23 апрель куни ҳам дарёга нефть билан ифлосланган суюқлик оқиб кетганди. Ҳодиса “Сурхан Гас Чемиcал Оператинг Company” МЧЖ қўшма корхонасига қарашли қудуқда юз бергани аниқланган.
Махсус комиссия ҳисоб-китобига кўра, етказилган экологик зарар учун компенсация миқдори 8,5 миллиард сўмдан ошган. Сув нефть аралаш суюқликдан тозалангани билдирилган. Ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари давом этаётгани қўшимча қилинган.








