Daryo

Аҳоли реал даромадлари уч ойда 7,8 фоизга ошди — Статқўм

Даромадлар жон бошига ўсиши 10 та ҳудудда ўртачадан паст бўлди. Пуллар асосан ёлланиб ишлаш ва мустақил равишда банд бўлишдан топилмоқда.

2 дақиқа ўқиш5 787 кўришлар0 изоҳ0

2026 йил I чоракда Ўзбекистон аҳолиси умумий ҳисобда 263,2 трлн сўм даромад олди. Мазкур миқдор реал суръатда 2025 йил мос даврига нисбатан 7,8 фоизга ўсган. Бу ҳақда Статистика қўмитаси маълумот берди. 

Жон бошига даромад кўпайган

Январь-март ойларида аҳоли умумий даромадлари жон бошига ўртача 6,9 млн сўмдан тўғри келган. Ушбу кўрсаткич бир йил аввалгидан реал ҳисобда 5,8 фоизга ошган.

Ҳудудларда тушумлар миқдори турлича шаклланди. Масалан, энг йирик даромадлар Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, жон бошига ўртача 19,1 млн сўмдан тушган. Навоий вилоятида бу рақам 10,5 млн сўмдан, Бухоро вилоятида 7,3 млн сўмдан, Тошкент вилоятида 6,91 млн сўмдан тўғри келган.

Қолган ҳудудларда киши бошига даромадлар мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан паст бўлган. Энг кам даромад Наманган вилоятида қайд этилиб, бир кишига 4,6 млн сўмдан тушган.

Аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Тошкент шаҳрида кузатилди — 10,3 фоиз. Навоий вилояти (8,9 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси (6,9 фоиз) ҳамда Жиззах вилоятида (6 фоиз) ҳам нисбатан яхши ўсиш қайд этилган. Бошқа ҳудудларда жон бошига даромад ўсиши республикадаги ўртача даражадан (5,8 фоиз) паст шаклланган.

Даромадлар манбалари

Январь-март ойларида аҳоли умумий даромадларининг 60,7 фоизи ёлланма ишлар ва мустақил равишда банд бўлишдан олинган. Тушумларнинг 7,3 фоизи хизматлардан, 4,5 фоизи мол-мулкдан, 27,5 фоизи трансфертлардан (пенсия, нафақа, стипендия ва бошқалар) келган.

Ҳудудларда ёлланиб ишлаш ва мустақил банд бўлишдан олинган даромадларнинг энг катта улуши Навоийда қайд этилди. Вилоят аҳолиси даромадларининг қарийб 75,1 фоизи айнан ёлланиб ишлаш ҳамда мустақил бандликдан келган. 

Тошкент шаҳри аҳолисида эса хизматлар бўйича даромад улуши юқори бўлган — 21,3 фоиз. Андижон вилояти аҳолиси умумий даромадларининг қарийб 41 фоизини трансфертлар ташкил этган. Бу мазкур сегмент бўйича ҳудудлар орасидаги энг юқори кўрсаткич саналади.

Мамлакатда трансфертлардан олинган даромадларнинг 36,4 фоизи ижтимоий бўлиб, шундан энг кўп улушни (84,3 фоиз) пенсия ташкил этган. Республикада аҳоли умумий тушумлари ҳажмида кичик тадбиркорликдан олинган даромадлар улуши 54,5 фоизни ташкил этган.

Аввалроқ Ўзбекистонда ўртача номинал ойлик иш ҳақи 7 млн сўмга яқинлашгани хабар қилинганди.

Farg‘onadanman. Oʻzbekiston Milliy universitetini tamomlaganman. “Daryo”da 2022-yildan beri muxbirman. Iqtisodiy-siyosiy voqealarni yoritib boraman. Yoqtirgan kinolarimdan biri — “Shoushenkdan qochish”. Oxirgi o‘qilgan kitoblardan iqtisodchi olimlar Daron Ajemo‘g‘li va Jeyms Robinson hammuallifligidagi “Mamlakatlar tanazzuli sabablari…” kitobi yoqdi.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар