Daryo

Ўғирланган маданий бойликлар Европадан Ўзбекистонга қайтарилди

Бу ёдгорликлар милодий II-III асрлардан VII асрларгача бўлган даврга оид бўлиб, алоҳида тарихий ва илмий қимматга эга. Улар Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан жой олади.

2 дақиқа ўқиш16 681 кўришлар0 изоҳ15

Милодий II-III асрларга оид ўғирланган маданий бойликлар Европанинг турли мамлакатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ва олимлари иштирокида ўтказилган кенг кўламли текширув натижасида Ўзбекистонга қайтарилди, деб хабар берди “Дунё” ахборот агентлиги.

Маълум қилинишича, Бақтрия ва Кушон империяларининг маркази бўлган Марказий Осиё минтақасидан ноқонуний олиб чиқилган артефактларнинг бир қисми Буюк Британия пойтахти полициясининг Санъат ва антиқа буюмлар соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бўлими томонидан Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасига тақдим этилди. Кейинчалик улар ватанга етказилиб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан жой олади.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Ушбу воқеа Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг маданий бойликларни ватанга қайтаришга қаратилган изчил сиёсати халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланаётганининг тасдиғидир. Биз ҳамкорларимиз ва Европа мамлакатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларидан кўрсатган ёрдамлари учун жуда миннатдормиз ва маданий меросимизни асраб-авайлаш ва тиклашда келгусида ҳам ҳамкорлик қилишга умид қиламиз”, деган маркази директори Фирдавс Абдухолиқов.

Лондон полицияси детективи Софи Хейс таниқли олимлар ва расмийлар йиғилишига топилган артефактлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун инсоният бойлиги эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, тергов миллий ва хорижий мутахассислар, EXHT ва WOSCU кўмагида олиб борилган.

Кўргазмада намойиш этилган буюмлар 2025 йил ноябрь ойида полиция томонидан Inherent Vice операцияси деб номланган тергов давомида топилган топилмалар қаторига киради. Жами тўққизта экспонат, жумладан, ҳайкалларнинг бошлари ва гипсли фреска парчалари намойиш этилди.

Бу ёдгорликлар милодий II-III асрлардан VII асрларгача бўлган даврга оид бўлиб, Ўзбекистон учун ҳам, кенгроқ ислом дунёси учун ҳам ғоят муҳим тарихий аҳамиятга эга. Ушбу бебаҳо осори-атиқаларнинг қайтарилиши нафақат Янги Ўзбекистоннинг ютуғи, балки тарихий меросини асраб-авайлашда халқаро ҳамкорлик алоқалари натижасидир.

Ислом цивилизацияси маркази, бўлажак Sotheby’s вa Christie’s аукционларида иштирок этиш ва Лондон санъат галереяларига ташриф буюриш ниятида эканини маълум қилди. Ушбу ташаббуслар ўзбек маданий меросининг янги буюмларини сақлаб қолиш ва ватанга қайтариш мақсадида сотиб олишга қаратилган.

“Қайтарилган буюмлар замонавий Ўзбекистон ҳудудининг қадимий тарихининг турли даврларига оид бўлиб, Марказий Осиёда асрлар давомида кечган цивилизация жараёнларининг хилма-хиллигини акс эттириши билан алоҳида тарихий ва илмий қимматга эга”, деган Ўзбекистон Антропология институти директори Фарҳод Мақсудов.

Тошкентнинг Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги 10 гектар майдонда давлат раҳбарининг ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази апрель ойининг ўрталарида “энг йирик ислом цивилизацияси музейи” номинацияси бўйича Гиннеснинг рекордлар китобига киритилганди. Бу эътироф мажмуанинг кўлами ва исломий илмий-маданий меросни замонавий ёндашув асосида намойиш этиш борасидаги аҳамияти халқаро даражада тан олинганини кўрсатди. 

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар