Чехия бош вазири Андрей Бабиш 29 апрель куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Олий мартабали меҳмонни “Тошкент-Ҳумо” халқаро аэропортида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди. Шундан сўнг Андрей Бабиш “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди. У ерда Чехия ҳукумати раҳбарига Ўзбекистон тарихи, аждодлар мероси ва мамлакат тараққиётининг рамзий мазмуни ҳақида маълумот берилди.
Ташриф доирасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Чехия ишбилармон доираларининг қўшма бизнес форуми ҳам бўлиб ўтди. Унда Абдулла Арипов ва Андрей Бабиш иштирок этди.
Форумда икки давлатнинг етакчи саноат корхоналари, инвестиция компаниялари ва молиявий тузилмалари вакиллари қатнашди. Чехия делегацияси таркибидан машинасозлик, энергетика, кимё, фармацевтика ва транспорт-логистика йўналишларида фаолият юритувчи 50 дан ортиқ йирик компания раҳбарлари ўрин олди.
Қайд этилишича, сўнгги саккиз йилда Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баравар ошган. Ҳозирда мамлакатда Чехия капитали иштирокидаги 36 та қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Музокараларда мис ва бошқа рангли металларни қазиб олиш, уларни чуқур қайта ишлаш, гидроэлектр станциялар қуриш, когенерация ускуналарини жорий этиш, кимё ва фармацевтика саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон IT-паркларидаги салоҳиятдан фойдаланиб, учинчи давлатлар бозори учун қўшма рақамли маҳсулотлар яратиш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.
Ташриф якунида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжат ва битимлар имзоланди. Шунингдек, Андрей Бабиш Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, у ерда сақланаётган ноёб тарихий экспонатлар билан танишди.
Ташриф дастурига кўра, 30 апрель куни Тошкентда олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади. Унда савдо ҳажмини ошириш, “яшил” энергетика, машинасозлик, кимё, фармацевтика, транспорт, таълим ва маданий-гуманитар йўналишлардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинади.








