Буюк Британияда 17 ёш ва ундан кичикларга сигарет сотиб олиш умрбодга тақиқланади. Парламент “Тамаки ва вейплар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Жамоалар палатаси ҳам, Лордлар палатаси ҳам қонун лойиҳасининг якуний таҳрири бўйича келишувга эришди. Бу орқали 2009 йил 1 январдан кейин туғилган ҳар қандай шахснинг чекишни бошлашига йўл қўймаслик мақсад қилинган. Тамаки маҳсулотларини сотишни қонунан тақиқлаш орқали “чекишдан холи авлод”ни вояга етказиш кўзланган.
Қонун кучга киргач, вазирлар тамаки, вейп ва никотин маҳсулотларини, жумладан, уларнинг таъми ва қадоқланишини тартибга солиш бўйича янги ваколатларга эга бўлади. Бу чекиш оқибатида юзага келадиган касалликлар, ногиронлик ҳолатларини камайтиришга қаратилган чоралардан биридир.
Янги чекловлар ва истиснолар
Эндиликда болалар бор автомобилларда, ўйин майдончаларида, мактаб ва шифохоналар ташқарисида вейп чекиш тақиқланади. Чекишни ташлашга уринаётганларни қўллаб-қувватлаш мақсадида шифохоналардан ташқарида вейп чекишга рухсат берилади. Тақиқлар очиқ ҳаводаги кафелар, пляжлар ва хусусий ҳудудлар учун амал қилмайди. Одамлар уйида сигарет чекиш ва вейп ишлатишда давом этиши мумкин.
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазири Уэс Стритинг буни миллат саломатлиги учун “тарихий воқеа” деб атади.
“Касалликнинг олдини олиш уни даволашдан афзал. Ушбу ислоҳот одамлар ҳаётини сақлаб қолади, Миллий соғлиқни сақлаш хизматига тушаётган босимни енгиллаштиради ва соғломроқ Британияни барпо этади”, деди у.
Консервативлар партиясининг собиқ депутати Лорд Нейсби “Тамаки ва вейплар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси “бу соҳадаги кўплаб одамларнинг, жумладан, чакана сотувчиларнинг ҳам норозилигига сабаб бўлаётганини” айтди.
Ўзбекистон ва қўшни давлатларда вазият қандай?
2025 йил Тожикистонда электрон сигареталарни (вейплар) ишлатиш, ишлаб чиқариш ва сотиш қонунан тақиқланди. Бу миллат генофондини ва аҳолини, айниқса ўсмирлар ҳамда ёшлар саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров эса 2025 йил ноябрь ойида таркибида никотин бўлган электрон сигареталарни олиб кириш, муомалага киритиш ва улардан фойдаланишни тақиқловчи қонунни имзолади. Қонунни бузганлик учун жисмоний ва юридик шахсларга катта миқдордаги жарималар ва жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган.
Ўзбекистонда 2025 йил 27 ноябрдан бошлаб электрон сигареталар (вейплар) ва улар учун суюқликларни сотиб олиш, сақлаш, ташиш ва импорт-экспорт қилишни ўз ичига олган ҳолда уларнинг муомаласига тўлиқ тақиқ жорий этилган. Қоидабузарликлар учун катта миқдордаги жарималар ва жиноий жавобгарлик (баъзи ҳолларда бир неча йилгача озодликдан маҳрум қилиш) назарда тутилган.
Қозоғистонда 2024-2025 йиллардан бошлаб электрон сигареталар, вейплар ва уларга мўлжалланган суюқликларни сотиш, тарқатиш ва импорт қилиш тақиқланган бўлиб, қоидабузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари қўлланади. Туркманистонда эса узоқ вақтдан буён электрон сигареталар бутунлай тақиқланган.








