Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ер юзидаги ҳар бешинчи катта ёшли одам тамаки чекишга қарамлигини маълум қилди.
Сўнгги 15 йил ичида дунё бўйлаб тамаки чекувчилар сони 27 фоизга камайди.
“Чекувчилар сони 2000 йилдаги 1,38 миллиард кишидан 2024 йилда 1,2 миллиард кишигача камайган. 2010 йилдан бери тамаки истеъмол қилувчилар сони 120 миллионга ёки 27 фоизга қисқарган”, дейилади ҳужжатда.
Шунга қарамай, тамаки ҳали ҳам дунёдаги ҳар бешинчи катта ёшли одамга таъсир кўрсатиб, “ҳар йили миллионлаб олдини олиш мумкин бўлган ўлимга сабаб бўлмоқда”.
ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус чекувчилар сонининг камайишини кўплаб мамлакатлар ҳукуматлари олиб бораётган тамакига қарши сиёсатнинг натижаси деб атади.
“Ушбу сезиларли ютуққа жавобан тамаки саноати ёшларга йўналтирилган янги никотин таркибли маҳсулотларни ишлаб чиқариш орқали қарши ҳужум қилмоқда”, деди Гебреесус.
Шу муносабат билан у ҳукуматларни “тамакига қарши синовдан ўтган сиёсатни жорий этиш орқали тезроқ ва қатъийроқ ҳаракат қилишга” чақирди.
Тавсиялар
ЖССТ “тамаки ва никотин саноатининг болаларга йўналтиришига имкон берадиган бўшлиқларни бартараф этиш, шунингдек, электрон сигареталарни тартибга солиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар қаторида тамакига солиқларни оширишни тавсия этди. Шунингдек, тамаки маҳсулотлари рекламасини тақиқлаш ва чекишдан воз кечиш хизматларини кенгайтириш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Вейп чекувчилар кўпаймоқда
ЖССТ биринчи марта 13 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўсмирлар орасида камида 15 миллиони электрон сигарета ёки вейп чекишини маълум қилди. 15 ёш ва ундан катта ёшдаги одамлар орасида камида 86 миллион киши электрон сигарета чекади. Бу бутун Ер юзи катта ёшли аҳолисининг 1,9 фоизи ёки эркакларнинг 2,3 фоизи ва аёлларнинг 1,5 фоизини ташкил қилади.
Вейп чекувчиларнинг аксарияти Америка ва Европанинг фаровон мамлакатларида яшайди, у ерда катта ёшли аҳолининг деярли 5 фоизи бор.
ЖССТ эслатишича, сўнгги йилларда кўплаб давлатлар болалар ўртасида вейпингга қарши курашишни бошлаган, бироқ 62 та давлат ҳали ҳеч қандай чора кўрмаган. 74 та давлатда эса вейп сотиб олишнинг минимал ёши белгиланмаган.
“Электрон сигареталар никотинга қарамликнинг янги тўлқинини қўзғатмоқда. Улар чекишнинг зарарини камайтирадиган нарса сифатида реклама қилинади, аммо аслида улар болаларни ёшлигиданоқ никотинга ўргатади ва (чекишга қарши курашда) ўн йиллик тараққиётни йўққа чиқариш билан таҳдид қилади”, деди ЖССТ бўлими директори Этен Круг.








