АҚШ президенти Дональд Трамп Эронни сулҳ битими шартларини бузганликда айблаб, Теҳронни мамлакатнинг кўприклар ва электр станциялари каби муҳим инфратузилма объектларини йўқ қилиш билан яна бир бор огоҳлантирди. Айни пайтда, Яқин Шарқ нефти ташиладиган Ҳормуз бўғози ёпиқлигича қолмоқда. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ма`лум қилди.
Унинг даъво қилишича, Теҳрон икки ҳафталик сулҳ келишувини қўпол равишда бузган.
“Эрон кеча Ҳормуз бўғозида ўт очишга қарор қилди – бу ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувимизни тўлиқ бузиш демакдир! Зарбаларнинг аксарияти Франция кемаси ва Буюк Британиядан келаётган юк кемасига қаратилган эди. Хўш, бу хунук иш бўлди-я?”, деб ёзди у.
Трампнинг сўзларига кўра, унинг вакиллари аллақачон Исломободга йўл олган ва музокаралар ўтказиш учун эртага кечқурун у ерга етиб боради.
Шунингдек, у Эроннинг Ҳормуз бўғозини ёпиш қарорини “ғалати” деб атаган, чунки бўғоз аллақачон АҚШ қуролли кучлари томонидан тўсиб қўйилган.
“Улар ўзлари билмаган ҳолда бизга ёрдам беряпти ва айнан улар ёпиқ ўтиш йўли туфайли кунига 500 миллион доллар йўқотмоқда! Қўшма Штатлар ҳеч нарса йўқотмайди... Аслида, ҳозирнинг ўзида кўплаб кемалар юк ортиш учун АҚШнинг Техас, Луизиана ва Аляска штатларига йўл олмоқда”, дейди АҚШ президенти.
Трампнинг таъкидлашича, Вашингтон Теҳронга жуда адолатли ва оқилона келишув таклиф қилмоқда. Агар рад этилса, бу жиддий оқибатларга олиб келиши билан таҳдид қилмоқда.
“Улар осонликча қулайди ва агар келишувни қабул қилмаса, сўнгги 47 йил давомида бошқа президентлар Эрон масаласида қилиши керак бўлган ишни амалга ошириш мен учун шараф бўлади”, дея ёзган Трамп.
- АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар хронологияси
21 мартда эса Трамп, агар Теҳрон Ҳормуз бўғозини очишга рози бўлмаса, мамлакат энергетика инфратузилмасига зарба бериш билан таҳдид қилиб, қатъий муддат белгилади.
23 март куни АҚШ президенти “самарали музокаралар”ни баҳона қилиб, ўзи белгилаган муддатни кечиктирди ва шундан сўнг муддат яна бир неча бор узайтирилди. 7 апрель куни Трамп агар бўғоз навбатдаги муддатгача очилмаса, “бутун бир цивилизация” ҳалок бўлишидан огоҳлантирди.
8 апрелда воситачи сифатида ҳаракат қилган Покистон кейинги музокараларни ўтказиш учун АҚШ ва Эрон ўртасида икки ҳафталик сулҳ эълон қилди. Ва ниҳоят 11 апрель куни АҚШ ва Эроннинг юқори мартабали расмийлари, жумладан, вице-президент Жей Ди Венс ва Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Покистонда учрашди. 21 соатлик музокаралардан сўнг Вашингтон ва Теҳрон асосий мунозарали масалалар юзасидан келишувга эриша олмади. Трамп Эрон портлари блокада қилинишини эълон қилди.








