АҚШ президенти Дональд Трамп 23 март куни Эрон билан самарали музокаралар ўтказилганини айтиб, мамлакат энергетика объектларига зарбалар бериш беш кунга тўхтатилишини маълум қилди. Эрон нашрлари эса музокара ўтказилгани ҳақидаги даъвони рад этмоқда.
Тўртинчи ҳафтасига кирган уруш фонида Трамп ўзининг Truth Social платформасида сўнгги икки кун давомида АҚШ ва Эрон ўртасида Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ ва мутлақо тўхтатиш бўйича жуда яхши ва самарали суҳбатлар бўлиб ўтганини таъкидлади.
Президент ўз хабарида, музокаралар натижасини кутиш учун Мудофаа вазирлигига зарбаларни ортга суриш бўйича кўрсатма берганини айтди.
Трамп ўтган ҳафта Эронга Ҳормуз бўғозини очиш учун 48 соат муҳлат бериб, акс ҳолда Америка ҳарбийлари мамлакатдаги электр станцияларни йўқ қилиши билан таҳдид қилганди.
Эроннинг Фарс ахборот агентлиги Трампнинг музокара ҳақидаги постидан сўнг АҚШ билан на бевосита ва на воситачилар орқали алоқа ўрнатилмаганини билдирди. Агентлик ўз манбасига таяниб, Трампнинг бу “чекиниши”га Эроннинг минтақадаги барча электр станцияларига ҳужум билан жавоб қайтариш ҳақидаги огоҳлантириши сабаб бўлганини таъкидлади.
Исроилнинг ҳарбий режалари билан таниш манбага кўра, Вашингтон Теҳрондан келаётган хабарлар ҳақида Исроилни хабардор қилиб турибди. Исроил ҳам Эрон энергетика инфратузилмасига зарба беришни тўхтатиб туришда Вашингтонга эргашиши кутилмоқда. Ҳозирча Исроил бош вазири Нетаньяху идораси бу борада изоҳ бермади.
Трампнинг баёноти жаҳон бозорларига дарҳол таъсир қилди. Хусусан, Brent маркали нефть нархи қисқа муддатга 13 фоизга тушиб, баррелига 100 доллардан пасайди (кейинчалик 105 доллар атрофига қайтди). АҚШ фонд бозорлари фьючерслари 2 фоиздан кўпроқ ўсиш билан йўқотишларни қоплади.
АҚШ ва Исроил томонидан 28 февралда бошланган уруш оқибатида шу пайтгача 2 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди. Бу уруш глобал инфляция хавотирларини кучайтириб, Ғарб мудофаа иттифоқини ларзага келтирди. Энергетика тизимларига ҳужум қилиш таҳдиди, айниқса, кўрфаз давлатлари учун ҳалокатли бўлиши мумкин. Сабаби Форс кўрфази шаҳарларида чучук сув ишлаб чиқарувчи заводлар 100 фоиз электрга боғлиқ.
Баҳрайн ва Қатарда истеъмол қилинадиган сувнинг 100 фоизи, БААда 80 фоизи ва Саудия Арабистонида 50 фоизи айнан денгиз сувини чучуклаштириш орқали олинади. Ҳозирда Эрон глобал нефть ва газ оқимининг бешдан бир қисми ўтадиган Ҳормуз бўғозини амалда ёпиб қўйган. Аммо “душман бўлмаган давлатлар” учун бўғоз очиқ.
Эрон Мудофаа кенгаши 23 март куни агар АҚШ ва Исроил мамлакатга ҳужумларни давом эттирса, бутун Форс кўрфази бўйлаб денгиз миналарини ўрнатиш ва барча транзит йўлларини ёпиш билан таҳдид қилди.
“Бундай ҳолда, бутун кўрфаз узоқ вақт давомида амалда Ҳормуз бўғозига ўхшаш вазиятда қолади”, дейилади Эрон томони баёнотида.








