АҚШ президенти маъмурияти Эроннинг Харг оролини босиб олиш ёки блокада қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда аноним манбаларга таяниб, Axios портали хабар берди.
Маълум қилинишича, Трамп маъмурияти бу орқали Эронга Ҳормуз бўғозини очиши учун босиб ўтказмоқчи.
“У Ҳормузнинг очилишини истайди. Агар Харг оролини босиб олиши керак бўлса, бу содир бўлади. Агар қирғоққа бостириб киришга қарор қилинса, бу амалга ошади. Аммо ҳозирда якуний қарор қабул қилинмаган”, деди маъмуриятнинг юқори лавозимли вакили.
Яна бир амалдорнинг айтишича, АҚШ президентлари ўз давридаги можароларда қуруқликдаги қўшинлардан фойдаланиб келган.
“Биламан, бу оммавий ахборот воситаларининг диққат марказидаги мавзу ва мен сиёсатни тушунаман, бироқ президент тўғри деб ҳисоблаган қарорни қабул қилади. Ҳозирча ҳеч қандай қарор йўқ”, деди иккинчи юқори мартабали мулозим.
Форс кўрфазида жойлашган, узунлиги қарийб 8 километр бўлган Харг ороли Эрон учун муҳим нефть маркази ҳисобланади. Мамлакат нефть экспортининг қарийб 90 фоизи шу орол орқали амалга оширилади. Урушнинг дастлабки икки ҳафтасида орол АҚШ-Исроил ҳужумларидан деярли четда қолганди.
Бироқ ўтган ҳафта АҚШ оролдаги ҳарбий иншоотларни бомбардимон қилди, нефть экспорт қилинадиган объектлар ҳужумга учрамади. Трамп агар Эрон ёки бошқа давлатлар кемаларнинг Ҳормуз бўғозидан хавфсиз ўтишига “қандайдир тарзда халақит берса”, нефть объектлари ҳужумга учрашини истисно этмади. Эроннинг АҚШ ва Исроил ҳужумларига жавобан кемаларга ҳужум қила бошлаганидан сўнг Ҳормузда ҳаракатланиш тўсиб қўйилган ва бу нефть нархининг кескин ошишига олиб келди.








