Эрон ҳозирча Покистонга музокарачилар делегациясини юборишни режалаштирмаяпти. АҚШ Ҳормуз бўғозини қамалда ушлаб турар экан, музокаралар ўтказилмайди, дея хабар берди Эроннинг Tasnim агентлиги мамлакат музокарачилар гуруҳига таяниб.
Таъкидланишича, Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокараларнинг биринчи раунди якунлангач, Покистон воситачилигида хабар алмашиш давом этган.
“Аслида, бу жараён “Америка томонининг ҳаддан ташқари талаблари ва даъволари туфайли музокараларнинг самарасиз якунланишига олиб келган” ўша мулоқотнинг давомидир”, дейилади хабарда.
Эрон музокарачилар жамоаси АҚШ президенти Дональд Трампнинг Эронни денгиз орқали қамал қилиш тўғрисидаги баёноти ўз кучида экан, кейинги алоқалар имконсиз эканлигини таъкидлаган.
Ўз навбатида, Эроннинг яна бир давлат агентлиги — IRNA Исломободдаги музокараларнинг иккинчи раунди ҳақидаги хабарларни рад этган. Агентликнинг қайд этишича, АҚШ тарқатаётган янги учрашув ҳақидаги хабарлар “уларнинг медиа ўйинининг бир қисми” бўлиб, ҳақиқатга тўғри келмайди.
IRNA бирор манбага таянмаган ҳолда, музокараларга “АҚШнинг ҳаддан зиёд талаблари, асоссиз ва ҳақиқатдан йироқ умидлари”, Вашингтоннинг “позициясини доимий ўзгартириб туриши”, унинг “зиддиятли баёнотлари” ва таҳдидлари, шунингдек, денгиз қамали тўсиқ бўлаётганини маълум қилган.
Бундан аввал Трамп сулҳ тугаши арафасида АҚШ ўз музокарачиларини Исломободга юборганини ёзганди. Мамлакатлар ўртасидаги икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш келишуви 21 апрелда якунига етади. Al Jazeera Покистон хавфсизлик хизматларидаги икки манбасига таяниб, янги музокаралар келаси ҳафта Исломободда 24 апрелгача бўлиб ўтиши мумкинлигини хабар қилган.
Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокараларнинг аввалги раунди 11 апрель куни — сулҳ эълон қилинганидан бир неча кун ўтиб Исломободда бўлиб ўтган эди. Бироқ томонлар бир қатор муҳим масалаларни ҳал этмай қолдирган. Axios нашрининг ёзишича, АҚШ уранни бойитишга 20 йиллик мораторий жорий этишни, Эрон эса бундан қисқароқ муддатни таклиф қилган. Трамп аввалроқ битим истиқболини Эроннинг ядро қуролига эга бўлиш ниятидан воз кечиши билан боғлаган.








