АҚШ президенти Дональд Трамп 10 апрель куни The New York Post нашрига берган интервьюсида, агар Покистондаги тинчлик музокаралари муваффақиятсиз якунланса, Эронга зарба беришни қайта бошлаш учун АҚШ ҳарбий кемалари энг яхши ўқ-дорилар билан қайта қуроллантирилаётганини маълум қилди.
Ушбу баёнот вице-президент Жей Ди Венс Исломободга йўл олганидан кўп ўтмай янгради. Исломободда унга махсус вакил Стив Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер қўшилади. Уларнинг мақсади 8 апрель куни эришилган икки ҳафталик вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш келишувидан сўнг, якуний тинчлик шартномасини имзолашдан иборат.
“24 соат ичида ҳаммаси маълум бўлади”
Трамп телефон орқали берган интервьюсида музокаралар муваффақиятига ишончи ҳақидаги саволга шундай жавоб берди:
“Биз буни 24 соат ичида билиб оламиз. Тез орада ҳаммаси аён бўлади. Ҳозирда қайта юклаш жараёни кетмоқда. Кемаларни энг яхши ўқ-дорилар, шу пайтгача ишлаб чиқарилган энг кучли қуроллар билан тўлдиряпмиз — бу ҳаттоки аввалгиларидан ҳам яхшироқ. Агар келишувга эришолмасак, биз улардан фойдаланамиз ва буни жуда самарали амалга оширамиз”.
Трамп, шунингдек, аввалги зарбалар орқали Эрон кучларини “парчалаб” ташлаганини эслатиб, бу сафар кемалар тўлиқ йўқ қилиш даражасидаги қуроллар билан жиҳозланаётганини таъкидлади.
Музокараларда Эрон номидан ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ҳамда парламент спикери Муҳаммад Бағир Ғолибаф иштирок этиши кутилмоқда. Трамп эронлик музокарачиларга нисбатан ишончсизлик билдирди.
“Шундай одамлар билан иш олиб боряпмизки, улар ҳақиқатни айтаётгани ёки йўқлигини билиб бўлмайди. Бизнинг юзимизга қараб ядро қуролларидан воз кечяпмиз, дейишади-да, кейин матбуотга чиқиб уранни бойитамиз, деб баёнот беради. Кўрамиз, нима бўлар экан”, деди у.
Музокаралар марказида АҚШнинг қуйидаги талаблари турибди:
- Эрон ўзининг ер остида сақланаётган, тахминан, 450 килограммдан ортиқ бойитилган уранини топшириши;
- Ҳормуз бўғозининг халқаро кемалар қатнови учун тўлиқ очилиши.
Трамп Ҳормуз бўғозининг эркин ҳаракатланиш учун очилишини ўт очишни тўхтатиш келишувининг ҳал қилувчи қисми деб ҳисобламоқда. Маълумотларга кўра, АҚШ Эронни бомбардимон қилишни тўхтатганидан бери у ердан жуда кам сонли кемалар ўтган.
Бундан ташқари, Эроннинг минтақадаги прокси гуруҳлар (“Ҳизбуллоҳ”, ҳусийлар)ни қўллаб-қувватлашини тўхтатиш, мамлакатнинг баллистик ракета дастури ҳолати ва Теҳроннинг АҚШ санкцияларини бекор қилиш ҳақидаги талаблари ҳам музокараларнинг асосий бандлари бўлиши кутилмоқда.








