АҚШ ҳарбийлари 19 апрель куни Уммон кўрфазида сузаётган Эрон кемасини ўққа тутиб, қўлга олди. Кема Эрон Бандар-Аббос порти томон йўл олаётганди. Бу ҳақда президент Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди.
“Эрон байроғи остида сузувчи, узунлиги қарийб 900 фут (274 метр)бўлган ва оғирлиги деярли авиаташувчига тенг келадиган TOUSKA номли юк кемаси бизнинг денгиз блокадамизни ёриб ўтишга уринди, аммо бу уриниши ўхшамади.
АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг USS SPRUANCE бошқарилувчи ракета эсминеци Уммон кўрфазида TOUSKA кемасини тўхтатиб, уларга огоҳлантириш берди. Эронлик экипаж итоат этишдан бош тортгач, ҳарбий кемамиз унинг двигатель бўлмасини тешиб, кемани ўз жойида тўхтатди”, деди Трамп.
У денгиз пиёдалари кемани назоратга олиб, юкни текшираётганини қўшимча қилди. Шунингдек, Трамп ушбу кема АҚШ Молия вазирлиги санкциялари остида бўлганини айтди.
Эрон жавоб чоралари кўришидан огоҳлантирди
Эрон АҚШнинг юк кемасига уюштирган ҳужумини сулҳни бузиш деб баҳолади. Кема Хитойдан келаётгани маʻлум қилинди. Эрон ҳарбийлари марказий штаби — “Ҳазрат Ҳотам ал-Анбия” вакили 20 апрелга ўтар кечаси дронлар ёрдамида Америка ҳарбий кемаларига зарба берилганини маълум қилди.
“Агрессив Америка сулҳни бузди ва денгиз қароқчилиги ҳаракатини амалга оширди”, деди Эрон ҳарбий кучлари марказий штаби вакили.
Маълумотларга кўра, кема АҚШ томонидан ўрнатилган блокадани четлаб ўтишга уринган. Исломободдаги музокаралар муваффақиятсиз тугагач Трамп Ҳормузни блокада қилишни буюрган эди.
Эрон ҳарбийлари Ҳормуздан ўтаётган танкерга ўт очди
Эрон ҳарбийлари 18 апрель куни Ҳормуз бўғозидан ўтаётган танкер ва контейнер кемасини ўққа тутди. Ҳиндистон байроғи остидаги VLCC танкери Эроннинг иккита артиллерия кемаси томонидан ҳужумга учраган. Ҳозирда экипаж ва кеманинг ўзи хавфсиз ҳолатда.
Таъкидланишича, контейнер кемаси ҳам ҳужумга учраган. У ҳам Ҳиндистон байроғи остида ҳаракатланган. Кема номаълум снаряд билан нишонга олинган, оқибатда баъзи контейнерларга шикаст етган.








