Daryo

“АҚШ Ҳормуз қўриқчисига айланади ва бож олади” — Трамп

Оқ уй раҳбари бўғоздан ўтиш учун “адолат юзасидан” 20 фоизлик солиқ солинишини айтди. У Эронга қарши денгиз блокадаси қайта тикланишини маълум қилди.

2 дақиқа ўқиш6 489 кўришлар0 изоҳ9

АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакат Эронга қарши денгиз блокадасини қайтадан тиклашини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Ҳормуз бўғозининг “қўриқчиси”га айланади. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Трамп бу фикрларни 13 июль куни Fox News телеканалига берган интервьюсида маълум қилди ва Truth Social тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирди. Бу АҚШ ва Эрон ўртасидаги сўнгги зарбалар алмашинувидан кўп ўтмай содир бўлди.

АҚШ кучлари асосан Эрон соҳилларидаги порт шаҳарларни нишонга олди. Эрон томони Баҳрайн, Кувайт, Уммон ва Иорданиядаги Қўшма Штатлар ҳарбий объектларига зарба берганини маълум қилди.

“Эрон блокадасини қайта тиклаяпмиз. Фақатгина Эрон кемалари ёки мижозларининг кириши ва чиқиши тўхтатилади” деб ёзди Трамп Truth Social платформасида.

Унинг қўшимча қилишича, АҚШ бундан буён “Ҳормуз бўғозининг қўриқчиси” сифатида танилади.

“Адолат юзасидан, дунёнинг бу беқарор қисмида хавфсизликни таъминлаш харажатлари учун барча ташилаётган юклардан 20 фоиз миқдорида ҳақ олинади”, деди у.

Трамп бу жараён ва тузилма дарҳол иш бошлашини маълум қилди. Трамп бундан олдин ҳам, агар ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар муваффақиятсиз тугаса, бўғоз устидан назоратни сақлаб қолиш ва бож ундириш билан таҳдид қилган эди. Дунё бўйлаб нефть ва газ экспортининг 20 фоизи айнан шу бўғоз орқали ўтади.

Сўнгги зарбалар музокараларни йўққа чиқариши мумкин. Музокаралар июнь ойида икки томонлама меморандум имзоланганидан кейин бошланган эди. Ҳужжатда урушни тугатиш, АҚШ блокадасини бекор қилиш ва Ҳормуз бўғозини кемалар учун очиш кўзда тутилганди.

Эрон муносабати

Теҳрон Қўшма Штатларнинг бўғозни назорат қилиш режасини қатъиян рад этди. 13 июль куни Эрон қўшма ҳарбий қўмондонлиги — “Хатам ал-Анбия” марказий штаби вакили Вашингтон ва унинг иттифоқчиларини огоҳлантирди.

“Биз ҳеч қандай ҳолатда АҚШнинг Ҳормуз бўғозини бошқаришга аралашишига йўл қўймаймиз. Эрон Қуролли кучлари босқинчи АҚШ ҳарбийлари томонидан тижорат ва нефть кемалари ҳаракатига тўсқинлик қилинишига кескин жавоб беради”, деди штаб вакили.

Шунингдек, Эрон қўмондонлиги минтақа давлатларини огоҳлантирди. Унга кўра, Қўшма Штатлар билан ҳар қандай ҳамкорлик ёки уларга логистик ёрдам бериш Эронга қарши уруш эълон қилиш деб баҳоланади.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар