Саудия Арабистони АҚШни Ҳормуз бўғозидаги блокадани бекор қилишга ва музокаралар столига қайтишга ундамоқда. Бу ҳақда араб расмийларига таяниб The Wall Street Journal хабар берди.
Манбаларга кўра, Саудия Арабистони блокада Эрондаги вазиятни кескинлаштириши ва муҳим юк ташиш йўлларини издан чиқаришидан хавотирда. Блокада Эроннинг аллақачон заифлашган иқтисодиётига босимни кучайтиришга қаратилган. Бироқ расмийлар Эрон бунга жавобан Боб ал-Мандаб бўғозини ёпиши мумкинлигини айтмоқда. Қизил денгиздаги ушбу йўлак Саудиянинг нефть экспорти учун муҳим аҳамиятга эга.
Сўнгги пайтларда қироллик блокадага қарамай, ўз нефтини чўл орқали Қизил денгизга етказиб бериш орқали нефть экспортини урушдан олдинги даражага етказди. Хусусан, кунига тахминан етти миллион баррелга қайтаришга муваффақ бўлди. Агар Қизил денгизнинг чиқиш йўли ҳам ёпилса, бу таъминот хавф остида қолади.
Эроннинг Ямандаги иттифоқчилари бўлган ҳусийлар Боб ал-Мандаб яқинидаги қирғоқ ҳудудининг катта қисмини назорат қилади. Улар Ғазо можароси вақтида бу сув йўлагида ҳаракатни чеклаган. Араб расмийларига кўра, Эрон ҳозир ҳусийларга бўғозни яна ёпиш учун босим ўтказмоқда.
“Агар Эрон Боб ал-Мандабни ёпишни истаса, ҳусийлар буни амалга оширишда ҳамкор ҳисобланади ва уларнинг Ғазо можаросига жавоби буни амалга ошириш қобилиятига эга эканини кўрсатади”, деди Вашингтондаги New America сиёсий институти ходими, Яман бўйича эксперт Адам Барон.
Минтақавий расмийларнинг айтишича, Форс кўрфази давлатлари, хусусан, Саудия Арабистони, уруш якунида Ҳормуз бўғози Эрон назоратида қолишини истамайди. Шунга қарамай, улар АҚШ масалани дипломатик йўл билан ҳал қилишга ундаб, музокараларни қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда.
Боб ал-Мандаб бўғози Яман ва Африка қитъасининг шимоли-шарқий қисми ўртасидаги тор денгиз йўлаги бўлиб, Қизил денгизни Ҳинд океани билан боғлайди. Номи “Кўз ёшлари дарвозаси” деган маънони англатади. Ушбу бўғоз Сувайш каналига олиб чиқади ва Осиё ҳамда Европа ўртасида қатновчи кемалар учун энг муҳим стратегик йўллардан бири ҳисобланади.








