Фарғона вилояти Бешариқ туманида чегара ҳудудидан катта миқдордаги гиёҳвандлик моддалари ва дори воситалари топилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши очилди.
ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида ноқонуний ҳолат фош этилган. Аниқланишича, Сирдарё дарёсининг Бешариқ тумани “Шодиқозиқ” МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисми соҳилида номаълум шахслар томонидан қолдириб кетилган 4 дона полиэтилен қоп топилган.
Мазкур қоплар холислар иштирокида кўздан кечирилганда, уларнинг ичида қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб ўтилган жами 48 ўрамда 47 кило 113 грамм гашиш, 15 ўрамда 7 кило 779 грамм опий, шунингдек, 10 710 дона “Лидаза” ва 756 дона “Теноксикам” дори воситалари борлиги аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари доирасида ушбу наркотик моддалар эгаларининг шахсини аниқлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Бундан аввал ДХХ Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари бўйича бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида қарийб 9 килограмм опий гиёҳвандлик моддасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилганди.
Шунингдек, Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан қўшни Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига контрабанда йўли билан олиб кирилаётган йирик миқдордаги гиёҳванд моддалар тўхтатиб қолингани ҳақида хабар берилган.








