Россия Эрондан жами 632 кишини эвакуация қилди, улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Бу ҳақда Россиянинг Исфаҳондаги бош консули Андрей Жилцов “РИА Новости”га маълум қилди.
“Кундалик бомбардимон ва ракета ҳужумлари шароитида Россия элчихонаси кўмагида чет элдаги муассасалар тўртта эвакуация рейслари орқали 632 кишини жанговар ҳаракатлар ҳудудидан тартибли ва хавфсиз эвакуация қилишни таъминлади”, деди дипломат.
Жилцовнинг таъкидлашича, Бушер атом электр станцияси ходимлари билан бир қаторда Беларусь (81 киши), Тожикистон (27 киши), Арманистон (тўрт киши), Ўзбекистон (уч киши), шунингдек, Қозоғистон ва Украинадан биттадан фуқаро эвакуация қилинган. Шунингдек, Россия элчихонаси, бош консулхонаси ва бошқа ташкилотлар ходимларининг оила аъзолари ҳам олиб келинган.
Бош консул 2024 йил апрелида Эрон расмийлари томонидан қўлга олинган MSC Aries контейнер кемаси ва MT ADARA танкери экипажидан 9 нафар денгизчи ҳам эвакуация қилинганини таъкидлади.
Эронда қанча ўзбекистонлик бор, Яқин Шарқдан неча киши эвакуация қилинди?
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 1 мартдаги маълумотларига кўра, Эрон ҳудудида жами 81 нафар фуқаро бор. Уларнинг 8 нафари дипломатик ваколатхоналар ходимлари, 9 нафари Қум шаҳрида таҳсил олаётган талабалар, 55 нафари Эронда доимий яшовчи фуқаролар ва 9 нафари хусусий сафар билан борганлардир.
10 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонга Яқин Шарқдан жами 25 047 нафар фуқаро қайтарилган. Улар орасида Эрондан қайтганлар 47 нафарни ташкил этади. Шуниндек, Саудия Арабистони (21 017 нафар), Бирлашган Араб Амирликлари (3 555), Қатар (394), Баҳрайн (27 нафар) ва Уммондан (7 нафар) келганлар бор.
Ташқи ишлар вазирлиги охирги эвакуация ҳақида 13 март куни хабар берган, хусусан, 32 934 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилгани таъкидланган. Улар орасида Эрондан келган беш нафар ўзбекистонлик ҳам бор.








