Daryo

Россия Эронга урушда дрондан фойдаланиш тактикасини ўргатмоқда — Ғарб разведкаси

Москва Украинага қарши урушда қўлланган самарали тактикалар ҳақида маълумот улашмоқда. Бу дронларга Форс кўрфази давлатларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини самарали четлаб ўтиш имконини беради. Разведка бу ҳолатдан хавотир билдирди.

1 дақиқа ўқиш8 549 кўришлар0 изоҳ11

Россия Эронга Украинадаги урушда синовдан ўтган дронлардан фойдаланишнинг илғор тактикасини ўргатмоқда. Бу усуллар Эроннинг Яқин Шарқда АҚШ ва унинг иттифоқчилари объектларига самарали зарба беришига ёрдам бермоқда. Бу ҳақда Ғарб разведкаси вакилига таяниб CNN хабар берди.

Манбанинг айтишича, бу тактикалар дронларга Форс кўрфази давлатларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини самарали четлаб ўтиш имконини беради. АҚШ расмийлари аввалроқ Россия Эрон билан разведка маълумотларини бўлишиб, нишонларни танлашда ёрдам бераётганини билдирганди. Эндиликда зарба йўллаш бўйича аниқ тактиканинг берилиши қўллаб-қувватлашнинг янги босқичига айланди. Ғарб разведкаси бу янада кўпроқ хавотир уйғотишини маълум қилди.

Россия Украинага қарши урушда Эрон ишлаб чиқарган ва кейинчалик модернизация қилинган Shahed дронларини қўллаб келмоқда. Бу усулда бир вақтнинг ўзида бир нечта дрон учирилади ва улар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини четлаб ўтиш учун парвоз йўналишини мунтазам ўзгартириб туради.

Ғарб мамлакатлари умуман олганда Яқин Шарқдаги можаронинг ривожланишидан жиддий хавотирда. Хусусан, Эроннинг Ҳормуз бўғозини миналаши, шунингдек, Америка ҳарбий кемаларига, жумладан, авиаташувчиларга ҳужум қилиш учун денгиз дронлари ёки ҳатто балиқчи қайиқларидан фойдаланиши эҳтимоли хавотирга солади.

Украина президенти Владимир Зеленский 11 март куни “Россия Эрон режимига дронлар билан ёрдам беришни бошлаганини” айтганди.

“У, шубҳасиз, ракеталар билан ҳам, ҳаво ҳужумидан мудофаа билан ҳам ёрдам беради. Кейин-чи?”, деган у.

Украина Форс кўрфази мамлакатларига Shahed дронларига қарши курашишда тажрибага эга мутахассисларини юборган. Аввалроқ The Wall Street Journal таҳлилчиларга таяниб, Эрон Украинадаги урушда Россия қўллаган дронлар билан оммавий зарба бериш тактикасини ўзлаштирганини ёзганди. Мутахассислар бундай ёндашув муҳим инфратузилмага зарба бериш ва рақибни аста-секин ҳолдан тойдириш стратегиясига хизмат қилишини айтган.

Трамп эса Москванинг Теҳронни қўллаб-қувватлаши эҳтимолига изоҳ берар экан, Вашингтонда бундай ҳамкорликка оид далиллар бор-йўқлигини билмаслигини, бироқ Эронга ҳар қандай ёрдам барибир самарасиз бўлишига ишонч билдирган.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар