АҚШ президенти Дональд Трамп Исломободдаги музокарада томонлар бўлажак тинчлик битимининг асосий бандларидан бири — Эроннинг ядровий дастурига оид масалада келиша олмаганини тасдиқлади. Шу туфайли Америка ҳарбий-денгиз кучлари Ҳормуз бўғозини блокада қилишни бошлайди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди.
“Учрашув яхши ўтди, аксарият масалалар бўйича келишувга эришилди. Аммо битта энг муҳим — ядровий масала ҳал этилмай қолди. Шу дақиқадан бошлаб АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Ҳормуз бўғозига кирмоқчи бўлган ёки ундан чиқмоқчи бўлган барча кемаларни тўсиб қўяди”, деб баёнот берди АҚШ президенти.
Трампнинг сўзларига кўра, Эроннинг бўғозга денгиз миналарини ўрнатиши ва уларни тозалашдан бош тортиши шунчаки шантаж бўлиб, АҚШ бунга асло йўл қўймайди.
“Мен денгиз флоти кучларимизга халқаро сувларда Эронга солиқ (бож) тўлаган ҳар бир кемани қидириш ва тутиш ҳақида кўрсатма бердим. Ноқонуний солиқ тўлаётган ҳеч ким очиқ денгизда хавфсиз ўтиш ҳуқуқига эга бўлмайди”, дея қўшимча қилган у.
АҚШ президентининг ёзишича, блокада яқин орада бошланади ва унга бошқа давлатлар ҳам қўшилади.
“Блокада яқин орада бошланади. Унга бошқа давлатлар ҳам қўшилади. Эронга товламачиликдан фойда кўришига рухсат берилмайди”, дея хулоса қилди жаноб Трамп.
Маълумот ўрнида, 11 апрель куни Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган Эрон ва АҚШ ўртасида 21 соат давом этган музокара натижасиз юкланди. АҚШ вице-президент Жей Ди Венс Эрон Американинг шартларини, жумладан, ядро қуролини ишлаб чиқармаслик талабини қабул қилмаганини айтди.
Ўз навбатида Эроннинг Tasnim ахборот агентлиги АҚШнинг “ҳаддан ортиқ” талаблари келишувга эришишга тўсқинлик қилганини ва музокаралар тугаганини маълум қилди.








