Афғонистон шимоли ва Покистон ғарбида 3 апрель куни юз берган 5,9 магнитудали зилзила оқибатида Кобул шаҳрида камида саккиз киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Германия геология фанлари тадқиқот маркази маълумотларига кўра, ер силкиниши ўчоғи Ҳиндукуш тоғ тизмасида, Афғонистоннинг Қундуз шаҳридан тахминан 150 километр шарқда жойлашган.
Табиий офат кучи Афғонистоннинг барча ҳудудларида, шунингдек, Ўзбекистон, Покистон ва Ҳиндистоннинг бир қатор қисмларида яққол сезилди.
Кобул губернатори матбуот котиби Ҳафизулла Башаратнинг маълум қилишича, пойтахт чеккасида уйнинг қулаши оқибатида бир оиланинг саккиз нафар аъзоси ҳалок бўлган, бир нафар бола эса жароҳатланган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, зилзила эпицентри олис ҳудудда жойлашгани сабабли етказилган зарарнинг тўлиқ кўламини баҳолаш жараёни бир оз кечикиши мумкин. Ҳозирда бутун мамлакат бўйлаб соғлиқни сақлаш тизими ходимлари шай ҳолатга келтирилди.
Покистон Метеорология департаменти хабарига кўра, ер силкинишлари Исломобод, Пешовар, Читрал, Сват ва Шангла каби шаҳар ҳамда қишлоқларда сезилган. Ҳиндистон маҳаллий ОАВ эса Деҳли, Панжоб, Ҳаряна, Жамми ва Кашмир ҳамда Каргил ҳудудларида ҳам ер қимирлаши қайд этилганини маълум қилди.
Афғонистон географик жойлашувига кўра, тез-тез зилзилалар содир бўладиган ҳудуд саналади. Мамлакатда содир бўладиган зилзилалар ҳалокатли бўлиб, ҳар йили ўртача 560 га яқин одам ҳалок бўлади.
Жумладан, 2025 йил август ойида 6 балли зилзила 2 200 дан ортиқ кишининг умрига зомин бўлган эди. 2023 йил октябрь ойида эса Ҳирот яқинида юз берган 6,3 магнитудали зилзила оқибатида минглаб одамлар ҳалок бўлган.
Сейсмопрогностик мониторинг республика марказининг хабар беришича, Ўзбекистонда 3 апрель куни иккита 2-3 балли зилзила қайд этилган.








