Исломободда содир бўлган портлашдан сўнг Покистон мудофаа вазири Хавожа Асиф мамлакат Ҳиндистон ва Афғонистонга қарши икки фронтда урушга тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда Afghanistan International хабар берди.
“Биз шарқда — Ҳиндистон, ғарбда — Афғонистон билан тўқнашишга тайёрмиз. Биринчи жангда Худо бизга ёрдам берганди, иккинчисида ҳам ёрдам беради”, деди у.
“Афғон ‘Толибонъи — Ҳиндистоннинг воситачиси”
Асиф Home News телеканалига берган интервьюсида Афғонистон “Толибони” Ҳиндистон манфаатларига хизмат қилаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Покистон биринчи жангда Ҳиндистонни енгган ва ҳозир яна шундай қилишга тайёр. Шунингдек, Мудофаа вазири “Толибон” билан музокараларга қарши эмаслигини, лекин мулоқот фақат ҳалоллик ва самимият асосида олиб борилиши кераклигини таъкидлаган.
Маълумот ўрнида, Покистон пойтахти Исломободда 11 ноябрь куни кучли портлаш содир бўлиб, унда 12 киши ҳалок бўлганди. Асиф ҳодисага муносабат билдириб, бу шароитда “Толибон” билан музокаралардан натижа кутиш қийинлигини билдирган.
Музокаралар натижа бермади
Сўнгги ҳафталарда Покистон ва “Толибон” ўртасида Доҳада ва Истанбулда бир неча маротаба музокаралар ўтказилган. Биринчи босқич Доҳада ўтиб, вақтинчалик сулҳга келишилганди. Кейинги икки босқич Истанбулда давом этган, аммо ҳеч қандай натижага эришилмаган. Покистон ҳукумати афғон “Толибон”ини “Таҳрики Толибон Покистон” (ТТП) жангариларини ўз ҳудудида яширишда айбламоқда. “Толибон” эса бу айбловларни қатъиян рад этмоқда.








