Daryo

“ ‘Толибон’ билан музокаралар муваффақиятсизликка учраса, очиқчасига урушга киришамиз” — Покистон Мудофаа вазири

Ҳозирда Покистон ва Афғонистон ўртасида Исломободда музокаралар ўтказилмоқда. Доҳада бўлиб ўтган учрашувда томонлар оташкесимга келишиб олган эди. Эндиликда икки давлат ўт очишни тўхтатиш шартларини муҳокама қилмоқда.

1 дақиқа ўқиш1 782 кўришлар0 изоҳ0

Покистон мудофаа вазири Хавожа Осиф агар Исломобод ва “Толибон” ўртасидаги давом этаётган музокаралар натижасиз якунланса, Покистон Афғонистон билан очиқчасига урушга киришишини таъкидлади. У бу ҳақда 25 октябрь куни Сиалкот шаҳрида журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.

Осифнинг баёноти “Толибон” ва Покистон ўртасида Истанбулда музокаралар ўтказилаётган пайтда янграган. У илгари Доҳадаги музокараларда Покистон делегациясига раҳбарлик қилганди. Ўшанда “Толибон” томонидан Афғонистон мудофаа вазири Ёқуб Мужоҳид ва Абдул Ҳақ Васик вакиллик қилган. Доҳа учрашувида томонлар дарҳол ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришган. Айни пайтда эса битимни амалга ошириш тафсилотлари Истанбулда муҳокама қилинмоқда.

“Биз билан Доҳа шаҳрида музокара олиб борганларнинг барчаси Покистонда улғайган. Афғонлар мамлакатимизда 40 йил меҳмон бўлди, аммо ҳозир улар нега бизга нисбатан бундай муносабатда бўлаётганини тушунмаяпман. Афғон ‘Толибони’ ҳозир Покистонга қарши Ҳиндистоннинг воситачисига айланмоқда”, деган Хавожа Осиф.

Унга кўра, афғон иммигрантлари Покистоннинг меҳнат бозори ва савдо соҳасида катта улушга эга.

“Бизнинг ягона мақсадимиз қўшни сифатида тинч, биродарлик ва ҳурмат асосида яшаш бўлиши керак”, деган у.

Осиф, шунингдек, сўнгги кунлардаги вазиятга тўхталиб қуйидагича муносабат билдирган:

“Сўнгги тўрт-беш кун ичида ҳеч қандай ҳодиса юз бермади, аммо агар музокаралар натижасиз якунланса, биз очиқчасига урушга киришамиз”, деган у.

Доҳа келишувидан сўнг, Покистоннинг “Таҳрики Толибон Покистон” (ТТП) гуруҳи ҳужумларини тўхтатган. Шундан бери ушбу гуруҳ Хайбар-Пахтунхва провинциясида Покистон хавфсизлик кучларига қарши ҳеч қандай ҳужум уюштирмаган.

Истанбулдаги ҳозирги босқичда “Толибон”нинг ички ишлар, мудофаа ва ташқи ишлар вазирликларидан олти нафар вакил ҳамда Покистондан етти нафар дипломат ва хавфсизлик расмийси иштирок этмоқда. Томонлар Доҳа келишуви бандларини амалга ошириш механизмларини муҳокама қилмоқда.

Покистон “Толибон”дан ТТП фаолиятини Афғонистон ҳудудида тўхтатишни талаб қилган бўлса, “Толибон” Исломободдан уларнинг рақиб гуруҳларига ёрдам беришни тўхтатишни сўраган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар