Daryo

Beeline абонентларининг рақамларидан тунда ўз-ўзидан қўнғироқлар амалга оширилди

Оператор матбуот хизмати бу тармоқдаги хизматлардан бирининг техник хусусиятлари сабабли юз берган бўлиши мумкинлигини билдирди.

1 дақиқа ўқиш46 000 кўришлар0 изоҳ29

Тунда Ўзбекистондаги Beeline мобил оператори абонентларининг телефон рақамларидан кутилмаган қўнғироқлар амалга оширилди. Оператор матбуот хизмати ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда тунда Beeline оператори рақамидан фойдаланадиган мижозлар номидан ўз контактидаги танишларига бир неча бор қўнғироқлар амалга оширилгани тўғрисида шикоятлар тарқалди.

“Эрталабдан жуда кўпчилик ‘кечаси тел қилибсиз’ деб қўнғироқ қилишмоқда. Энг қизиғи ҳеч кимга тел қилмаган эдим. Қўнғироқлар орасида ҳам ҳеч қандай қўнғироқ рўйхати йўқ. Қизиқ, бу янги вирусмикан ёки “Билайн” компаниясидаги техник носозликмикан?”,  деб ёзади таниқли ошпаз Баҳриддин Чустий.

Скриншот: Facebook / Баҳриддин Чустий

Оператор матбуот хизматининг маълум қилишича, тармоқдаги хизматлардан бирининг техник хусусиятлари сабабли қўнғироқлар бир неча соатгача кечикиб келган ёки узилиб қолган бўлиши мумкин.

“Шунингдек, ҳозирги вақтда айрим хизматлар ишлашида янгиланиш ва янги ҳисоб-китоб тизимига ўтиш билан боғлиқ вақтинчалик узилишлар кузатилиши мумкин. Айни пайтда хизматлар фаолияти босқичма-босқич тикланмоқда. Техник ишлар якунлангач, барча хизматлар тўлиқ ҳажмда фойдаланиш учун яна мавжуд бўлади”, дейилади муносабатда.

Мобил оператор фуқаролардан ноқулайликлар учун узр сўраб, барча сервисларнинг барқарор фаолиятини имкон қадар тезроқ тўлиқ тиклаш учун ҳаракат қилаётганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил августда Beeline мобил операторидан фойдаланувчилар ойлик абонент тўловини тўлаш учун ҳисобда етарли маблағ бўлмаганда, абонентларнинг розилигисиз автоматик тарзда кунлик тариф режасига уланиши, кунлик тўлов ечиб олинганидан сўнг трафикдан фойдаланиш имконияти берилмаётганидан шикоят қилинганди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар