Daryo

Президент мустақилликнинг 35 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади

Республика комиссияси тузилиб, байрам концепцияси тасдиқланди. Ҳужжатга кўра, апрель–сентябрь ойларида “Мустақиллик тўйи” тадбирлари ўтказилиб, тарғибот лойиҳалари амалга оширилади.

1 дақиқа ўқиш7 841 кўришлар0 изоҳ2

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжатда байрам тадбирларини юқори савияда ўтказиш ва мамлакат тараққиётини кенг ёритиш вазифалари белгиланди.

Қарорга кўра, “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” ғояси асосида байрам концепцияси тасдиқланиб, тайёргарлик ва ўтказиш бўйича республика комиссияси тузилди. Ушбу комиссия ҳудудларда ва республика миқёсида кенг қамровли тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, унинг ижросини таъминлайди.

Ҳужжатда апрель–сентябрь ойларида республика бўйлаб “Мустақиллик тўйи” фестивали доирасида маънавий-маърифий тадбирлар, ижтимоий лойиҳалар ва учрашувлар ўтказилиши назарда тутилган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган асосий байрам тадбирларига таниқли ижодкорлар ва санъат вакилларини жалб этиш режалаштирилган.

Қарорга мувофиқ, мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида йирик саноат, маданият, таълим ва спорт объектларини ишга тушириш маросимлари ташкил этилади. Бундан ташқари, “Ватан фидойилари” рамзий монументи лойиҳаси ишлаб чиқилиб, келгусида ҳудудларда барпо этиладиган боғларда ўрнатилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, “Мустақиллик зафарномаси” номли махсус китоб-альбом тайёрланади, #Mustaqillik35 ва #Uzb35 ҳештеглари остида тарғибот акциялари йўлга қўйилади. Телеканалларда мустақиллик тарихига бағишланган ҳужжатли фильмлар ва кўрсатувлар намойиш этилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Тошкентда халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш, хориждаги ватандошлар иштирокида маданий тадбирлар ташкил этиш ҳамда Мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган эсдалик олтин тангани зарб этиш чоралари белгиланган.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар