Daryo

Тошкент вилоятида мушукларни қийноққа солган шахсга чора кўрилади

Унинг мушукларга нисбатан шафқатсиз хатти-ҳаракатлари, жумладан, аёвсиз тепиб, отиб ўлдириб, бўйнидан осиб қўйгани акс этган видеолар тарқалиб, жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлганди.

1 дақиқа ўқиш5 823 кўришлар0 изоҳ14

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида мушукларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган фуқарога чора кўрилади. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, Бўстонлиқ туманидаги меҳмонхонада қўриқчи бўлиб ишлаган шахс эшик ва деразалари ёпиқ хонада мушукларни аёвсиз тепган, милтиқда отиб ўлдирган. Тармоқда тарқалган яна бир видеода мушук бўйнидан осиб қўйилгани ҳам акс этган.

Тошкент вилояти ИИББ ахборотига кўра, воқеа 2025 йил декабрь ойида Бўстонлиқ тумани “Янгиқўрғон” маҳалласида жойлашган меҳмонхоналардан бирида содир бўлган. Шу йил ҳамда ўтган давр мобайнида ички ишлар органларига мазкур ҳолат юзасидан мурожаатлар келиб тушмаган.

Видеода акс этган шахс – 1993-йилда туғилган М.Ш.нинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳудудий ИИБ томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Қонуний қарор қабул қилиш учун материаллар судга юборилди. Якуний натижалар бўйича қўшимча ахборот берилади.

Ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жазо

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш, БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (1 миллион 236 минг сўмдан 2 миллион 60 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Жиноят кодексининг 202-1-моддасига кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш маъмурий жавобгарликдан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 50 бараваригача (20 миллион 600 минг сўмгача) жарима ёки 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар