АҚШнинг Вашингтон штати соҳилларида ташлаб кетилган қайиқда 60 та мушук топилди ва қутқариб олинди. Бу ҳақда маҳаллий полицияга таяниб CBS News хабар берди.
Ташландиқ қайиқ август ойи бошида Такома шаҳридаги Оуэн соҳили яқинида аниқланган. Узунлиги 12 метр бўлган бу қайиқ бўйича ҳозирда жиноят иши очиб, тергов олиб борилмоқда.
“Барча мушукларни хавфсиз олиб чиққанимизга ишонсак-да, мушук боқадиганлар яхши билади: улар жуда уста яширинади. Кемада яна мушук қолган бўлиши мумкин, шу сабабли иш ҳали тўлиқ тугагани йўқ”, деб ёзди Такома полицияси ижтимоий тармоқда.
Полиция ва ҳайвонларни муҳофаза қилиш хизмати ходимлари бир ҳафта давомида кемани кўздан кечириб, ҳайвонларни эҳтиёткорлик билан олиб чиқди. Шундай қилиб, 11 август куни охирги мушук ҳам қутқариб олинди.
Ҳуқуқ-тартибот ходимлари илк бор 6 август куни ташлаб кетилган кема ҳақида хабар топган. Воқеа жойига етиб келган полиция хавфли шароитда яшаётган ўнлаб мушукларга дуч келган.
Полиция эълон қилган суратда ўндан ортиқ мушук кеманинг бир бурчагига тўпланиб олганини кўриш мумкин.
“Мушукларнинг кўпчилиги қўрқиб кетган ва оч эди. Уларни қутқариш учун сабр, ғамхўрлик ва катта жамоавий меҳнат талаб этилди”, дейилади полиция хабарида.
Полиция аҳолидан кемада яна мушук кўриб қолишса, ёрдам беришни сўрамоқда. Шунингдек, одамларга кема бортига чиқмаслик уқтирилди. Ҳокимият кема эгаси қайтиб келмаса, уни соҳилдан олиб ташлашни режалаштирмоқда.
Такома шаҳрида амалда бўлган қоидаларга кўра, бир хонадонда кўпи билан 6 та мушук ёки ит боқилиши мумкин. Полиция тергов тафсилотларини очиқламаган бўлса-да, бу ҳолат ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш ва уларни қаровсиз қолдириш моддаси бўйича баҳоланиши мумкин.
Аввалроқ Тоби лақабли мушукчада 28 та бармоқ борлиги аниқланиб жаҳон рекорди ўрнатилгани ҳақида хабар берилганди. Бу меъёрдан ўнтага кўп деганидир.








