Daryo

Германия ва Польша чегарасида Иккинчи жаҳон урушига оид оммавий қабр топилди

Унда 42 кишининг, асосан аёллар ва болаларнинг жасадлари аниқланди. Мутахассислар уларнинг оммавий қирғин қурбонлари эканини тахмин қилмоқда.

2 дақиқа ўқиш7 341 кўришлар0 изоҳ4

Германия ҳарбий қабрлар иттифоқи мутахассислари Германия ва Польша чегарасида жойлашган Узедом оролида Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари дафн этилган оммавий қабрни аниқлади. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Мутахассислар режадаги қазиш ишлари давомида дастлаб олти нафар номаълум қурбоннинг жасадини қайта дафн этишни режалаштирган эди. Бироқ мутахассислар якка тартибдаги қабрлар деб қаралган жойни қазишганда, кутилмаганда ичида 42 кишининг жасади бўлган учта узун чуқурни топган.

Иттифоқ маълумотларига кўра, қабрдаги қолдиқлар асосан аёллар ва болаларга тегишли бўлиб, вафот этган вақтда қурбонларнинг энг кексаси 70 ёшда бўлган. Жасадларнинг ўнтасидан шахсни тасдиқловчи белгилар топилди. Улардан бири Германия ҳарбий-денгиз флотида хизмат қилган аёлга тегишли экани тасдиқланди.

Ўлим сабаблари

Қазиш ишлари раҳбари Йоахим Козловскийнинг айтишича, айрим инсонлар ўлимидан олдин госпиталда бўлган. Жасадларда ампутация излари аниқланган.

Мутахассисларга кўра, жасадларда нафақат ўқ излари, балки калла суягининг оғир жароҳатлари ҳам бор. Бу жароҳатлар ўтмас буюм билан кучли зарба бериш оқибатида етказилган.

“Мен бу одамларнинг кўпчилиги калтаклаб ўлдирилган деб ҳисоблайман”, деди Козловский.

Орол тарихи 

Ҳозирча оммавий қирғинни ким ва қачон уюштиргани номаълумлигича қолмоқда. Аввалроқ оролдан бедарак йўқолган бир неча Вермахт аскарларининг жасади топилган эди. Аммо янги қабрдан болалар суяклари чиқиши қурбонлар тинч аҳоли вакиллари бўлганидан далолат беради.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида Болтиқ денгизидаги ушбу оролда конслагер жойлашган эди. У ерда V-1 ва V-2 ракеталари ишлаб чиқарилган. Шунингдек, оролга Германиянинг уруш кетаётган ҳудудларидан кўплаб қочқинлар келган.

1945 йил март ойида Америка авиацияси оролни бомбардимон қилган. Май ойида ҳудуд Қизил армия томонидан эгалланган. Урушдан кейин Узедом Совет иттифоқи назоратида қолган. 1950-йилларда орол ҳудуди Польша ва Шарқий Германия (ГДР) ўртасида бўлиб олинган. Мутахассислар барча жасадларнинг шахсини аниқлашга ва уларнинг яқинларини топишга ҳаракат қилмоқда. Шундан сўнг барча қурбонлар муносиб тарзда қайта дафн этилади.

Бундан олдин Ангола пойтахти Луандада 1977 йил 27 май воқеалари қурбони бўлган 500 дан зиёд кишининг жасади сақланаётган биродарлик қабристони топилганди. Шунингдек, март ойида Кениянинг Керичо шаҳрида ҳам оммавий қабр топилиб, унда 32 кишининг жасади қазиб олинган. Топилган жасадларнинг аксарияти гўдаклар ва ҳомила қолдиқлари экани аниқланган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар