Шавкат Мирзиёев 24 март куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон—Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 10 фоизга ўсиб, 13 миллиард долларга етди, жорий йил бошидан эса яна 32 фоизга кўпайди.
Саноат, энергетика, транспорт ва иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида йирик кооперация лойиҳаларини амалга ошириш давом этмоқда. Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш лойиҳасини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг самарали фаолиятига юксак баҳо берилди.
Томонлар кооперациянинг янги шакл ва лойиҳаларини илгари суриш учун самарали майдонга айланган “ИННОПРОМ Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасининг навбатдагисини жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказишга фаол тайёргарлик кўраётгани таъкидланди.
Халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, шу жумладан, Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Украинадаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Бўлажак тадбирлар режаси ҳам муҳокама қилинди.
Президентлар сўнгги марта 2025 йил 30 декабрь куни телефон орқали мулоқот қилиб, унда Россия ҳудудидаги қароргоҳга уюштирилган ҳужумга уриниш қораланган ҳамда бу каби ҳолатлар барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид экани таъкидланганди. Суҳбат давомида икки томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш, шунингдек, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилиб, томонлар бир-бирини янги йил билан қутлаган.
Эслатиб ўтамиз, 24 март, сешанба куни Жиззах вилояти Фориш туманида барпо этилаётган атом электр станцияси қурилиш майдонида дастлабки бетон ишлари расман бошланди. Тошкент шаҳри ва қурилиш ҳудудида ўтказилган тантанали тадбирлар доирасида стратегик ҳужжатлар имзоланиб, лойиҳа амалий босқичга ўтгани қайд этилди.








