Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) Ливан жанубини мамлакатнинг қолган қисми билан боғловчи Литани дарёси устидаги иккита стратегик кўприкни ҳаводан берилган зарбалар билан йўқ қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Исроил томонининг таъкидлашича, ушбу ўтиш жойларидан “Ҳизбуллоҳ” қуролли гуруҳи жангариларни ва қурол-яроғни ташишда фойдаланиб келган. Мудофаа вазири Исроил Кац буни “Ҳизбуллоҳ”нинг Ливан инфратузилмасидан ўз мақсадида фойдаланишига қарши кўрилган кескин чора деб баҳолади. “Ҳизбуллоҳ” ҳозирча ушбу ҳолат бўйича изоҳ бермади.
Маълумот учун, Литани дарёси минтақа хавфсизлигида муҳим ўрин тутади. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1701-сонли резолюциясига кўра, дарёдан жанубда ҳар қандай қуролли гуруҳларнинг фаолияти тақиқланган, бироқ Исроил у ерда “Ҳизбуллоҳ” ҳамон ўз нуфузини сақлаб қолаётганини даъво қилади.
Шу билан бирга, Исроил авиацияси Байрутнинг турли ҳудудларига, жумладан, шаҳар марказига ҳам зарбалар бермоқда. Ливан расмийларига кўра, сўнгги кенг кўламли ҳужумлар оқибатида камида 33 киши ҳалок бўлган, 40 дан ортиқ киши яраланган.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, 2 мартдан буён давом этаётган тўқнашувларда жами 968 киши, жумладан, камида 111 нафар бола ҳаётдан кўз юмган.
Исроилнинг эвакуация қилиш ҳақидаги огоҳлантиришлари мамлакатдаги қочқинлар инқирозини янада чуқурлаштирди. Расмий маълумотларга кўра, бир миллиондан ортиқ одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган.
Ғазони эслатувчи манзаралар
Исроил нафақат “Ҳизбуллоҳ” жангари ва етакчиларини, балки гуруҳни молиялаштиришда гумон қилинаётган “Ал Қард ал-Ҳассан” ташкилоти каби тузилмаларни ҳам нишонга олмоқда. Байрут жанубидаги “Ҳизбуллоҳ” таянчи ҳисобланган Даҳия даҳасидаги тинимсиз бомбардимонлар оқибатида шаҳар қисмлари, маҳаллий аҳоли таъбири билан айтганда, “Ғазони эслатувчи манзара”га айланиб улгурган.








