Ливан жанубидаги Кфар Руммон шаҳрига Исроил томонидан берилган зарбалар оқибатида камида 11 киши, жумладан, икки бола ва икки нафар тиббиёт ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ливаннинг давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Дастлабки зарба 7 сентябрга ўтар кечаси ярим тунда шаҳардаги турар жой биносига берилган. Оқибатда тўққиз киши ҳалок бўлган, яна беш киши жароҳатланган. Алоҳида дрон зарбаси оқибатида эса фуқаролик автомобилида бўлган икки нафар тиббиёт ходими ҳалок бўлган.
Ливандаги давлат ахборот агентлиги маълумотига кўра, зарбалар Исроил ҳарбийлари томонидан аҳолини эвакуация қилиш ҳақида онлайн огоҳлантириш берилмаган ҳолда амалга оширилган. Исроил ҳарбийлари Reuters’нинг зарбалар, жумладан, воқеа жойларида болалар ва тиббиёт ходимлари борлиги ҳамда нега эвакуация ҳақида огоҳлантириш берилмагани ҳақидаги саволларига ҳозирча жавоб бермаган.
Исроил ҳарбийлари 7 сентябрь куни соат 02:00 дан кўп ўтмай Ливаннинг бошқа жанубий шаҳарчасидаги бино атрофида эвакуация қилиш ҳақида алоҳида огоҳлантириш берган. Ҳарбийлар у ерда “Ҳизбуллоҳ” объектларига зарба берилишини билдирган.
Исроил ва Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги июнь ойидаги сулҳга қарамай, сўнгги кунларда Ливан жанубидаги ҳужумлар кучайган. Reuters маълумотларига кўра, якшанба куни Исроил зарбалари оқибатида камида етти киши ҳалок бўлган.
Исроилнинг Ливанга зарбалари 2 март куни “Ҳизбуллоҳ” Исроилга ракеталар билан ҳужум бошлаганидан бери 4 300 дан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлган. Сулҳ келишувидан кейин зўравонликлар сезиларли даражада камайган бўлса-да, Исроил қўшинлари Ливан жанубининг айрим ҳудудларини назорат қилишда давом этмоқда.








