Исроил армияси 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС билан уруш бошланганидан буён Ливан, Ғазо (Фаластин) ва Сурияда жами 1000 квадрат километрга яқин ҳудудни ўзиники қилиб олди. Бу ҳақда Financial Times нашри хабар берди.
Нашр ҳисоб-китобларига кўра, Исроил назоратига ўтган бу ерлар мамлакатнинг 1949 йилги ҳудудининг қарийб 5 фоизига тенг. Олинган ерларнинг ярмидан кўпи Ливан жанубига тўғри келади. Бу ерда Исроил кучлари 12 километргача ичкарига кирган. Улар 16 апрелдаги ўт очишни тўхтатиш келишувидан кейин “буфер зона” яратди.
Қолган ҳудудлар Ғазо сектори ва Сурияга тегишли. Ҳозирда Исроил армияси анклавнинг ярмидан кўпини эгаллаб турибди. Исроил ҳарбийлари Асад режими қулаганидан кейин Сурия ичкарисига ҳам бир неча километр кирди ва у ерда ўз позицияларини ўрнатди. Маълум бўлишича, Исроил ҳарбийлари ушбу учта ҳудудда авиазарбалар, артиллерия отишмалари ва рейдлар орқали ўз назоратини сақлаб турибди.
Суриядаги вазият
Исроил Суриядаги ўз позициялари харитасини эълон қилмади. FТ нашри тасдиқланган ҳарбий базалар харитасига таяниб Исроил Сурияда қарийб 233 квадрат километр ерни назорат қилаётганини ҳисоблаб чиқди.
Тель Авив ва Дамашқ 2025 йил давомида хавфсизлик битими бўйича музокара олиб борди. Аммо Исроил Сурия ҳудудида ўз ҳарбийларини қолдирмоқчи бўлгани учун музокаралар тўхтаб қолди. Айни пайтда, Сурия президенти Аҳмад аш-Шараъа мамлакатга Исроил фуқаролари ва товарлари киришини тақиқлади.
Ғазодаги “буфер зона”
Исроил Ғазода доимий хавфсизлик зонасини сақлаб қолмоқчи. Армия чегара бўйлаб жуда кўп ерларни “текислаб ташлади”. БМТ расмийсининг маълум қилишича, яратилган янги тўсиқлар сабабли Ғазонинг 2 миллион аҳолиси ҳозирда ҳудуднинг атиги 40 фоиз қисмида яшашга мажбур бўлмоқда.
Ливан бўйича турлича баёнотлар
Исроил расмийлари Ливан борасида бир-бирига зид баёнотлар бермоқда. Бош вазир Биньямин Нетаньяху апрель ойида Исроил кучлари бу ерлардан кетмаслигини айтди. Мамлакат армияси Ливандаги бутун бошли қишлоқларни вайрон қилишда давом этмоқда. Мудофаа вазири Исроил Кац эса Ливандаги вазиятни “Ғазо модели”га қиёслади.
Бироқ дипломатларнинг айтишича, Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар ёпиқ эшиклар ортидаги суҳбатларда Исроилнинг Ливанда ер эгаллаш нияти йўқлигини таъкидламоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, кейинги қадамлар АҚШ президенти Дональд Трампга боғлиқ бўлиши мумкин. Тель Авив университети эксперти Майкл Милштейннинг айтишича, агар Трамп Нетаньяхуга Ливан, Сурия ёки Ғазодан чиқиб кетишни буюрса, Исроил бунга бўйсунишга мажбур бўлади.








