Daryo

Озодлик флотилияси тўхтамоқчи эмас. Кўнгиллиларнинг навбатдаги гуруҳи Ғазога сузади

Улар Европанинг қатор давлатларида тўхтаб, гуманитар ёрдам тўплашни ва Фаластин тарафдорларининг турли тадбирларини ўтказишни режа қилган. Флотилия октябрь ойига бориб Ғазога лангар ташлашга уриниб кўради. Бу сафарги миссияда Грета Тунбергнинг иштироки номаълум.

2 дақиқа ўқиш5 922 кўришлар0 изоҳ0

Озодлик флоти коалицияси ташкилоти Исроилнинг Ғазога нисбатан денгиз блокадасини бузишга қаратилган навбатдаги халқаро миссия бошланишини эълон қилди. Ташкилотга кўра, кемалар Европанинг бир қатор портларига кириб, октябрь ойида Ғазо соҳилларига етиб боришга уриниб кўради.

Коалиция янги миссияни аввалги уринишларда фаоллар ҳибсга олингани ва зўравонликка учраганига қарамай, амалга оширишга қарор қилган. Ташкилот Исроил кучлари бундан олдинги миссияларда фаолларни калтаклагани, электрошокер қўллагани, ҳатто жинсий зўравонлик содир этганини даъво қилмоқда. Коалиция, шунингдек, Исроил Ғазога озиқ-овқат, дори-дармон ва ёнилғи киришини чеклаётганини айтиб, халқаро ҳамжамиятни масалага бееътибор бўлмасликка чақирди.

Озодлик флотилияси яна денгизга чиқмоқда, чунки ҳукуматларимиз ҳамон ўз мажбуриятларини бажаргани йўқ, деди ташкилот бошқарув қўмитаси аъзоси Зоҳар Чамберлаин Регев.

Маълум қилинишича, Ҳандала II кемаси июнь ва июль ойларида Норвегия, Швеция ва Данияга ташриф буюрган. Кате кемаси эса шу ой бошида Буюк Британиянинг Бристол шаҳридан йўлга чиқиб, Ирландия, Германия ва Францияда тўхтаган. Флотилия Ғазога йўл олишдан олдин Испания, Португалия ва Италия портларига ҳам киради.

Фото: PBS

Миссияда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, касаба уюшмалари фаоллари, журналистлар, тиббиёт ходимлари ва Фаластинни фаол қўллаб-қувватловчи бошқа соҳа вакиллари қатнашмоқда. Ҳар бир портда маҳаллий аҳоли билан учрашувлар ва жамоатчилик тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.

Ташкилот ҳукуматлардан Исроилга қурол-яроғ ва энергия ресурслари етказиб беришни тўхтатиш, дипломатик ва ҳарбий ҳамкорликни чеклаш ҳамда санкциялар жорий этишни сўради. Шунингдек, флотилия кемаларига хавфсиз ва тўсқинликларсиз ҳаракатланиши учун шароит яратишни талаб қилди.

Ғазо томон сузиш жиддий хавф туғдиришини биламиз. Аммо сукут ва ҳаракатсизлик фаластинликлар ва бутун дунё учун бундан ҳам катта харажатга олиб келади, деди миссия иштирокчиси, америкалик муҳандис Эдвард Дижилио.

Озодлик флотилияси бундан аввал ҳам бир неча бор Ғазога денгиз орқали етиб боришга уринган. Бироқ Исроил кучлари халқаро фаолларни тўхтатиб, ҳибсга олган. Хусусан, 2010-йилда Исроил ҳарбийлари Мави Мармара кемасига бостириб киргани оқибатида 10 нафар фаол ҳалок бўлган.

Мави Мармара кемаси ҳужумга учрашидан аввал
Фото: Reuters

2025-йилда ташкил этилган Глобал Сумуд флотилияси ҳам Исроил кучлари томонидан тўхтатилган. Ташкилот маълумотларига кўра, камида 15 та қайиқ босиб олинган ва бортдаги фаоллар ҳибсга олинган.  2026-йилда ҳам худди шу сценарий такрорланган. 

Andijonlikman, Toshkentda yashayman. Oʻzbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetini tamomlaganman. “Daryo” tahririyatida 2024-yil noyabr oyidan buyon muxbir sifatida ishlayman va siyosiy, ijtimoiy hamda harbiy yoʻnalishlarga ixtisoslashgan materiallar tayyorlayman. “If qaʼlasining mahbusi” filmini miriqib tomosha qilaman. Lev Tolstoyning asarlarini, ayniqsa, “Urush va tinchlik”ni yoqtiraman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар