Daryo

Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши ракеталари тугамоқда

Мамлакат “Темир гумбаз” тизими билан фақат қисқа масофали ракеталарни тутиб олади. Баллистик ракеталарга мўлжалланган захиралар эса 2025 йилда Эрон билан 12 кунлик уруш вақтида камайган.

1 дақиқа ўқиш16 418 кўришлар0 изоҳ9

Исроилнинг Эрон билан давом этаётган уруш шароитида баллистик ракеталарни тутиб олувчи қуроллари захираси тугаб бормоқда. Бу ҳақда америкалик манбаларга таяниб, Семафор нашри хабар берди.

АҚШ захиралар камайиб бораётганидан хабардор қилинган. Можаро бошланган вақтда ҳам тутиб олувчи ракеталар захираси чекланган эди. Чунки 2025 йилда бўлиб ўтган 12 кунлик Эрон–Исроил уруши вақтида у қисман сарфлаб юборилган. Эроннинг кассетали ўқ-дорилардан фойдаланаётгани Исроил ресурсларининг янада тезроқ камайишига сабаб бўлмоқда.

“Биз буни кутган эдик ва олдиндан кўра билган эдик”, дея таъкидлади америкалик амалдор.

​

Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатларда бундай тақчиллик кузатилмаяпти. Бироқ Вашингтон ўз захираларини Исроил билан бўлишиши ёки зарурат туғилса, уларни сотиши борасида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

“Биз минтақадаги базаларимиз, шахсий таркибимиз ва манфаатларимизни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳамма нарсага эгамиз”, дея таъкидлади америкалик амалдор.

​

Шунингдек, у Исроил ушбу етишмовчиликни “бартараф этиш чораларини ишлаб чиқаётганини” маълум қилди. Исроил расмийлари мудофаа учун қирувчи самолётлардан ҳам фойдаланиши мумкин. Бироқ узоқ масофали ракеталардан ҳимояланишда тутиб қолувчи ракеталар энг самарали восита ҳисобланади.

“Темир гумбаз” мудофаа тизими асосан қисқа масофали ҳужумларни қайтаришга мўлжалланган. Баллистик ракеталарга қарши эса бошқа мураккаброқ тизимлар қўлланилади.

АҚШнинг мудофаа тизимлари ва харажатлар

2025 йил июнь ойида АҚШ Эрон билан 12 кунлик урушда 150 дан ортиқ THAAD тутиб олувчи ракеталарини қўллади. Бу ўша пайтдаги АҚШ арсеналининг тахминан чорак қисмини ташкил этди.

2026 йилги урушнинг дастлабки беш кунида АҚШ тахминан 2,4 миллиард долларлик Патриот тутиб олувчи ракеталаридан фойдаланди. Январь ойида Пентагон THAAD ишлаб чиқаришни сезиларли даражада ошириш чораларини кўрди.

Оқ уй АҚШ захиралари президент Дональд Трампнинг Эронга нисбатан стратегик мақсадларига эришиш учун етарли эканини таъкидламоқда. Шунингдек, Эроннинг дрон ҳужумлари 95 фоизга, баллистик ракеталар зарбалари эса 90 фоизга камайганини даъво қилмоқда.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар