Россия қўшинлари 8 сентябрга ўтар кечаси Киев шаҳрига ракета зарбаси берди. Украина дронлари шу куни Саратов вилоятига ҳужум қилди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Киев мери Виталий Кличконинг маълум қилишича, пойтахтнинг олтита туманида маъмурий бинолар, омборлар, таълим муассасалари ва турар жойлар зарар кўрган. Россия зарбалари оқибатида икки киши ҳалок бўлган, ўн киши жароҳатланган. Шифокорлар жабрланганлардан икки нафарининг аҳволини оғир деб баҳоламоқда.
Украина Ҳаво кучлари қўмондонлигига кўра, Киевга зарба беришда турли русумдаги ракеталар ва уриб тушириш мураккаб бўлган реактив дронлардан фойдаланилган. Россия қўшинлари 5-7 сентябрь кунлари — АҚШ президентининг элчилари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнернинг Украинага ташрифи чоғида Киевга ҳужум қилмаган эди.
Украина дронларининг Саратовга ҳужуми
Саратов вилояти губернатори Роман Бусаргиннинг сўзларига кўра, дронлар ҳужумида бир нечта хусусий хонадон зарар кўрган. Жами 10 киши, жумладан, уч нафар бола жароҳатланган, уларнинг олти нафари шифохонага ётқизилган. Аҳоли учун вақтинчалик яшаш пунктлари ташкил этилган.
Украинанинг Эхиленова+ ва Supernova+ мониторинг Telegram каналлари дронлар Саратов нефтьни қайта ишлаш заводига зарба берганини маълум қилди. Шунингдек, Энгелс шаҳридаги ҳарбий аэродром ҳам нишонга олингани айтилмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги 8 сентябрь куни эрталаб бир кечанинг ўзида Россия ҳудуди ва аннексия қилинган Қрим осмонида Украинанинг 384 та дрони йўқ қилинганини эълон қилганди.








