Daryo

Лайлатул қадр қачон ва уни қандай ўтказиш керак?

Аллоҳ Таоло муқаддас рамазон ойи ичига муборак бир кеча — Лайлатул қадр, яъни Қадр кечасини яширган. Қуръони каримдаги “Қадр” сурасининг 3-оятида бу кеча “... минг ойдан яхшироқдир” дейилади.

4 дақиқа ўқиш211 341 кўришлар0 изоҳ355

Аллоҳ Таоло муқаддас рамазон ойи ичига муборак бир кеча — Лайлатул қадр, яъни Қадр кечасини яширган. Қуръони каримдаги “Қадр” сурасида бу кеча “... минг ойдан яхшироқдир” (3-оят) дейилади. Хўш, бу кеча қачон бўлади?

Абул Олия розияллоҳу анҳу айтадилар: “Бир аъробий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Қадр кечаси қачон бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини рамазоннинг илк ва энг сўнгги ҳамда тоқ кечаларидан изланглар!” дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидан қидиринглар”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Бу йилги рамазон ойининг охирги тоқ кечалари қуйидагилар:

  • 21 кеча: 10 март (сешанба)дан — 11 март (чоршанба)га ўтар кечаси;
  • 23 кеча: 12 март (пайшанба)дан — 13 март (жума)га ўтар кечаси;
  • 25 кеча: 14 март (шанба)дан — 15 март (якшанба)га ўтар кечаси;
  • 27 кеча: 16 март (душанба)дан — 17 март (сешанба)га ўтар кечаси;
  • 29 кеча: 18 март (чоршанба)дан — 19 март (пайшанба)га ўтар кечаси.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қадр кечаси борасида: “У 27 ёки 29-кечадир. Ушбу кеча ерда фаришталар сони майда тошлардан ҳам кўп бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

“Қадр кечаси” нега бундай номланади?

Қадр сўзи икки хил маънони ифодалайди. Биринчиси – қадри улуғ кеча, иккинчиси эса миқдор, яъни бандаларнинг тақдирини белгилашдир.

Қадр кечасида Қуръон нозил бўлган. Аллоҳ Таоло “Қадр” сурасининг 1-оятида: “Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик”, деб айтади.

Бу кечада бир йиллик ишлар, ҳукмлар, ризқлар, ажаллар белгиланади. Аллоҳ таоло бир йиллик тақдирни фаришталарга билдиради ва бу йил тақдир қилинган нарсаларни уларга ёзиб қўйишни амр этади.

Аллома Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) суранинг нозил бўлиш сабаби ҳақида: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига кўпроқ хайрли ишлар қилиб, улуғ савобга эга бўлишини орзу қилиб: “Эй Раббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!” дедилар. Шунда Парвардигори олам: Сиз ва умматингиз учун, эй ҳабибим, Қадр кечасини минг ойдан афзал қилдим, деди. Шунда Расулуллоҳ ва барча саҳобалар қувониб кетишди”, деганлар.

Бу кечанинг қандай аломатлари бор?

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У очиқ, иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган кеча. Унинг тонгида қуёш қизғиш, заиф бўлиб чиқади”, дедилар (Ибн Хузайма ривояти).

Бу кеча Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ерга тушиб, тонг отгунча инсонлар ҳақига дуо қилади. Қуръони каримда бундай дейилади: “У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 4–5-оят).

Фото: "Дарё"

Қадр кечасида қандай амалларни адо этиш лозим?

Намоз ўқиш. Хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, гўё кечанинг ярмини бедор ўтказибди. Ким бамдод намозини жамоат ила адо қилса, гўё кечанинг барчасида намоз ўқибди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Шунингдек, нафл намозларини адо этиш. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: “...Бандам Менга нафл ибодатлар билан яқинлашиб келаверади, ҳатто Мен уни яхши кўраман...” (Имом Бухорий, Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Қуръон тиловат қилиш. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, шу бир ҳарф учун унга савоб ёзилади. Савоб эса ўн баробар кўпайтириб берилади. “Aлиф лам мим”ни бир ҳарф демайман, балки “Aлиф” – бир ҳарф, “Лам” – бир ҳарф, “Мим” – бир ҳарф” (Имом Термизий ривоятлари).

Дуо қилиш. Оиша розияллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқишни айтдилар:

“Аллоҳумма иннака аъфуввун кариймун туҳиббул аъфва фаъфу аънний”

“Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин” (Имом Термизий ривояти).

Истифғор. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг ўтган барча гуноҳлари мағфират қилинади” (Имом Бухорий ривояти), дедилар.

Муҳими, бу кечани ибодат, зикр, тиловат, хайру эҳсон ва бошқа яхши амаллар билан ўтказиш лозим.

*Ушбу материал Ўзбекистон Мусулмонлар идораси расмий сайтида эълон қилинган маълумотлар асосида тайёрланди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар